Куни кеча, 13 август куни Давлат қабул комиссиясининг 2-сонли баённомаси эълон қилинди. Унга асосан, бакалавриатга бу йилги қабулда чет тилидан имтиёз берувчи сертификатлар сони яна биттага кўпайди.

«Пандемия шароитида чет тилини билиш даражасини аниқлаш бўйича тест синовлари ўтказилмагани инобатга олиниб, 2020/21 ўқув йили қабули учун ОТМлар бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга қабул қилишда IELTS Indicator B2 ва ундан юқори даражасига эга абитуриентларга истисно тариқасида чет тили фанидан максимал балл берилади», – дейилади ДТМнинг комиссия баённомасига асосланган расмий ахборотида.

Бу янгилик абитуриентлар орасида норозилик уйғотмоқда. Янгилик эълон қилингач, абитуриентлар Telegram'да қарийб 900 нафар аъзога эга гуруҳ ҳам ташкил қилишган.

IELTS Indicator ўзи нима?

IELTS Indicator – инглиз тилида ўқиш, ёзиш, тинглаш ва гапириш кўникмасини баҳоловчи тест тизими бўлиб, у пандемия даврида бўлажак талабаларни қўллаб-қувватлаш учун онлайн шаклда ташкиллаштирилган. Бу синов талабгорга уйда туриб тест топшириш имконини беради.

IELTS Indicator ҳам худди IELTS тестлари билан бир хил тузилишга эга ва вақт давомийлиги ҳам бир хил ҳисобланади. Бу имтиҳонда гапириш кўникмасини аниқлаш IELTS эксперти билан юзма-юз видеосуҳбат тарзида ташкил этилади.

IELTS Indicator коронавирус чекловлари туфайли IELTS имтиҳонлари ўтказилиши тўхтатиб турилган давлатларда ўтказилмоқда. У орқали бўлажак талабалар инглиз тилида ўз билимларини аниқлашлари мумкин, унинг материаллари ҳам IELTS базасидан олинган саволлардан иборат ва жавобларни IELTS экспертлари текширади. 

Бу синовни топшириш учун 16 ёш ёки ундан каттароқ бўлиш талаб этилади. Имтиҳоннинг 4 та бўлимига худди IELTS'дагидек вақт ажратилади, жавоблар эса 7 кунда эълон қилинади.

Тест ташкилотчилари тест натижаси тахминий аниқликда эканини тасдиқлайди. Платформа сайтида: «IELTS Indicator фақат тахминий аниқликдаги (indicative) бални чиқариб беради ва у ҳамма ташкилотлар томонидан ҳам қабул қилинмайди. Шунинг учун тестга буюртма беришдан олдин университетингиз уни қабул қилиш-қилмаслигини текшириб, ишонч ҳосил қилинг», – деб ёзиб қўйилган.