Президентнинг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг асосий вазифалари этиб белгиланади:

  • таълим тизимида ўқув-тарбия жараёнларини, кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш сифатини назорат қилиш, педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш, малака тоифаларини бериш ва уларни сертификатлаш бўйича давлат сиёсатини амалга ошириш;
  • таълим ташкилотларида таълим сифати маданиятини (quality culture) шакллантириш ва таълим сифатини оширишга ҳар томонлама кўмаклашиш;
  • хорижий тажрибада синовдан ўтган таълим сифатини оширишнинг превентив, таъсирчан ва самарали механизмларини таълим фаолиятига татбиқ этиш;
  • мулкчилик ва ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан қатъи назар таълим ташкилотларини аттестация ва давлат аккредитациясидан ўтказиш;
  • нодавлат таълим ташкилотлари ва давлат олий таълим муассасаларининг таълим фаолиятини лицензиялаш ҳамда улар томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилиш;
  • таълим олувчилар билим, кўникма ва малакаларининг давлат таълим стандартлари, давлат таълим талаблари ҳамда таълим дастурларига мувофиқлигини назорат қилиш;
  • хорижий давлатларда олинган таълим тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва Ўзбекистон Республикасида берилган таълим тўғрисидаги ҳужжатлар ва квалификацияларни халқаро таълим ҳамжамиятида тан олинишига ҳар томонлама кўмаклашиш;
  • таълим ва фан соҳаси ташкилотлари томонидан берилган расмий ҳужжатларга апостиль қўйиш;
  • дунёнинг нуфузли рейтинг ташкилотлари индикаторлари ҳамда миллий рейтингни аниқлаш бўйича халқаро тажрибага мувофиқ ишлаб чиқилган мезонлар асосида таълим ташкилотлари миллий рейтингини аниқлаш ва расман эълон қилиш, таълим ташкилотларига рейтингдаги ўрнини яхшилаш бўйича тавсиялар бериш;
  • таълим олувчиларнинг билим ва саводхонлик даражасини ҳамда компетентлигини баҳолаш бўйича халқаро дастурлар ва тадқиқотларда Ўзбекистон Республикасининг иштирокини таъминлаш;
  • дунёнинг етакчи рейтинг ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш ва олий таълим ташкилотларининг ушбу рейтингларга киришига ҳар томонлама кўмаклашиш;
  • таълим сифатини таъминлаш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этиш чораларини кўриш борасида комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;