"Яхши ўйланган ва режалаштирилган дезинформация кампанияси". Украина президенти офиси  раҳбари Андрей Ермак Беларусда Вагнер хусусий ҳарбий компанияси жангариларининг пайдо бўлиши ва қўлга олинишига Украина махсус хизматлари алоқадор эканлиги тўғрисидаги хабарга ана шундай изоҳ берди.

Ермакнинг изоҳи 19 август куни, гўёки Украина махсус хизматларининг махсус операцияси тўғрисидаги хабар тарқалганидан деярли икки ҳафта ўтгач пайдо бўлди. Икки ҳафта ичида ушбу хабар тафсилотлар билан бойиди. Ермакнинг баёнотига эътибор тасодифий эмас, айрим маълумотларга кўра, айнан президент офисидан ахборот "сизиб чиқиши" махсус операциянинг муваффақиятли амалга ошиши ва жангариларнинг Украина ҳудудида қўлга олинишини барбод қилган.

"Террорчилар"нинг озод қилиниши: Минск 180 даражага ўзгарди

Беларусь ҳукумати Вагнер хусусий ҳарбий компаниясининг 33 нафар аъзоси қўлга олингани ҳақида 29 июлда, мамлакатда президент сайлови ўтказилишидан бир оз олдин маълум қилганди. Бир қисми илгари Донбассдаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашган бу шахсларга нисбатан теракт тайёрлаш бўйича дарҳол жиноий иш қўзғатилди. Беларусь президенти Александр Лукашенко эса ёлланма жангчилар "Беларусга махсус топшириқ билан келишгани ҳақида ҳамма нарсани айтиб беришганини" таъкидлади. 

Фото: DPA

5 август куни Лукашенко Украина президенти Владимир Зеленский билан телефон орқали мулоқотида "вагнерчилар"ни Украинага экстрадиция қилиш борасида ҳамкорлик қилишга ваъда берди, 12 август куни эса Украина бош прокуратураси қўлга олинган 33 кишидан 28 нафарини Украинага топшириш тўғрисида Беларусга сўров йўллади. Украинанинг аниқлашича, бу шахслар "Донецк ва Луганск областлари ҳудудида "ЛНР" ва "ДНР" террорчи ташкилотлари таркибида жанговар ҳаракатларда фаол иштирок этишган". Аммо 14 август куни Украина учун кутилмаганда қўлга олинганларнинг барчаси Россияга топширилиши ҳақида маълумот пайдо бўлди. Бу Киевнинг норозилигига сабаб бўлди.

Россиянинг версияси – Киевнинг махсус операцияси

Беларусда "вагнерчилар"нинг қўлга олиниши Украина махсус хизматларининг махсус операцияси натижаси эканлиги ҳақида биринчи бўлиб 6 август куни Россиянинг "Комсомольская правда" нашри ёзди. Нашрнинг Россия махсус хизматларидаги манбаларига таяниб ёзишича, Украина хавфсизлик хизмати (УХХ) агенти "Вагнер" компаниясининг собиқ жангчиларига Сурия ва Венесуэладаги нефть объектларида Россиянинг "Роснефть" компанияси манфаати учун ишлашни таклиф қилган. Уларни ўзига оғдириш вақтида ўзини "Сергей Петрович" деб таништирган УХХ агенти собиқ ёлланма жангчилардан биринчи навбатда уларнинг Донбассдаги жанговар тажрибаси ҳақида сўраган.