Вазирлар Маҳкамасининг “Tashkent Pharma Park инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерининг фаолиятини ташкил этиш ва молиялаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
“Tashkent Pharma Park инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерини ташкил этиш” лойиҳасини молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан 50 миллион долларгача миқдордаги маблағлар 3 йил имтиёзли муддатни ўз ичига олган ҳолда 10 йил муддатга, йиллик 3 фоиз ставкада кредит берилади.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги кўрсатилган маблағларни жалб қилишда тузиладиган кредит шартномаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг Жамғарма олдидаги мажбуриятлари юзасидан белгиланган тартибда давлат кафолати беради.
Мазкур кредит маблағлари Фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси, “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан сўндирилади.
Кредитнинг ҳисобини юритиш, уни қоплаш маблағларини йиғиш учун Молия вазирлиги Ғазначилигида махсус ҳисоб-рақам (сўмда ва АҚШ долларида) очилади.
Лойиҳани амалга ошириш учун Жамғарма ҳисобидан жалб этилган кредит маблағларини ўз вақтида қайтаришни таъминлаш мақсадида, истисно тариқасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Агентлик, унинг бўйсунувчи ташкилотлари ва Фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармасига Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 16 апрелдаги “2020 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг барқарорлигини таъминлаш ва харажатларини мақбуллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 232-сон қарори 4-банди татбиқ этилмайди.
Кредитни сўндириш учун маблағлар жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб ҳар 6 ой муддатда кредитни қоплаш махсус ҳисоб-рақамига ўтказилади.
Қуйидагилар:
“Tashkent Pharma Park инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерини ривожлантириш Дирекцияси” давлат муассасаси бошқарув ходимлари умумий чекланган сони 12 нафардан иборат бўлган тузилмаси;
“Tashkent Pharma Park инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерини ривожлантириш Дирекцияси” давлат муассасасининг раҳбар ходимлари ва мутахассислари меҳнатига ҳақ тўлашнинг Ягона тариф сеткаси бўйича разрядлари тасдиқланади.

















