Жиззах вилояти Дўстлик туманидан Бахтигул Ҳамроева мурожаат қилиб, оиласи билан оғир шароитда яшаб келаётгани ва давлат томонидан қурилаётган арзон уй-жойлардан ололмаётгани ҳақида ёзганди. Биз ҳолатни ўрганиш мақсадида Дўстлик туманида бўлдик.

Очиғи, Бахтигул опа сизни ўзи излаб топмаса, у киши яшаётган жойни топа олмайсиз. Аёл қаровсиз, ўтган асрнинг минг битта асорати уриб турган Автойўл корхонасига тегишли хароба маконда 9 йилдан бери яшаб келяпти. Ўтган йили турмуш ўртоғи узоқ хасталикдан вафот этгач, вояга етмаган икки фарзанди билан қолган.


Б.Ҳамроева бизни ўзи яшаётган манзилга бошлади. Ҳозирги вақтда «Дўстлик дон маҳсулотлари» АЖда ишлаб, рўзғор тебратаётган экан.



Аёлнинг айтишича, у 2019 йилда ариза бериб, уй-жойга муҳтож оилалар учун қурилаётган уйлардан бирини 20 йил муддатга ипотека кредити асосида сотиб олмоқчи эканини билдиради. Туман ҳокимлиги бунга жавобан ариза «Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга арзон уй-жойлар бериш тартиби тўғрисида»ги низом талабларига мос келиши, аммо 2019 йилда фойдаланишга топшириладиган уй-жойлар банд қилингани сабабли 2020 йилда қурилиши кўзда тутилган уй-жойларга талабгорлар рўйхатига киритилиши тушунтирилади.


Ўзи ишлаб турган корхона аёлга уйнинг бошланғич бадалини тўлаб беришга қарор қилади. 2019 йилнинг ноябрь ойида АТБ «Қишлоқ қурилиш банк»ка 13 500 000 сўм маблағ «Дўстлик дон маҳсулотлари» АЖ томонидан тўлаб берилади.
























