Бу хулоса манбайи - БМТ Хавфсизлик кенгашининг Ливия бўйича қўмитасига юборилган ёпиқ ҳисоботдир - бу ҳисобот билан New York Times ва Reuters танишишга муваффақ бўлган.
Нашр маълумотига кўра, ҳисоботда Россия ва Бирлашган Араб Амирликлари қуролли кучлари Ливиядаги «Вагнер» хусусий ҳарбий кампанияси ёлланма жангчилари ва мамлакат шарқида назорат ўрнатган Халифа Ҳафтар бошчилигидаги Ливия миллий армиясини қўллаб-қувватлаётгани кўрсатилган. Экспертларнинг ҳисоблашича, Ҳафтарга Франция, Миср ва Иордания ҳам ёрдам кўрсатади.
Россия президенти Владимир Путин аввалроқ Ливиядаги ёлланма жангчилар Россия манфаатларини ифода этмаслигини маълум қилганди. ОАВ хабарларида қайд этилган давлатлар вакиллари БМТ ҳисоботи юзасидан изоҳ беришмади.
Зиддиятнинг иккинчи томони - БМТ томонидан тан олинган Триполидаги Фоиз Сарож ҳукумати эса Туркия томонидан очиқдан очиқ қўллаб-қувватланади. Ҳисоботдаги маълумотларга кўра, ҳарбий юклар баъзида йўловчи рейслар орқали етказиб берилган. Ҳисоботда АҚШнинг аввалги президенти Барак Обама маъмурияти босими остида танаффус қилган Қатар ҳам Ливиядаги можароларга қайта қўшилгани қайд этилган.
Қатар авиацияси ҳам Ливияга кўплаб рейслар амалга оширган ва Сарож ҳукуматига ёрдам етказиб берган. Туркия ва Қатар мудофаа вазирлари август ойида биргаликда Триполига ташриф буюришган.
Чоршанба куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котибининг Ливиядаги вакили вазифасини бажарувчи Стефани Уильямс икки лагердагилар ҳам қурол етказиб беришга қўйилган эмбаргони бузишда фаол экани, ҳудудда коронавирус билан боғлиқ вазият ҳам назоратдан чиқиб кетаётганини айтиб ўтган.
Пандемия давридаги уруш. Дунё нега карантинда ҳам тинч ўтирмади?
ОАВ нималардан хабар топди?
Reuters’нинг ёзишича, БМТдагилар Суриядан Ливияга ҳарбий юклар билан 338та рейс амалга оширилганини ҳисоблашган.
«2020 йилнинг январидан июнигача Россия Федерацияси қуролли кучлари томонидан қўллаб-қувватланадиган «Вагнер» ХҲК ва эҳтимол бошқа хусусий ҳарбий кампанияларга кўрсатилган ёрдам ҳажми сезиларли даражада ошган», - дея ёпиқ ҳисоботдан иқтибос келтиради агентлик.
Ҳисоботда 2019 йил 1 ноябридан 2020 йил 31 июлига қадар 338та шубҳали рейс амалга оширилганини саналган. Май ойида БМТ экспертлари Ливиядаги россиялик ёлланма жангчилар сони 1,2 минг кишидан иборат эканини маълум қилишганди.










