Масаланинг орқа фонида нима турибди?

Франция президенти Эммануэль Макрон сўнгги кунларда Туркияга қарши чиқишларини кучайтирмоқда. Бироқ бу кескинлик узоқ йиллар давомида мунтазам равишда давом этиб келган, деб айтиш мумкин. Гарчи сўнгги пайтларда Шарқий Ўрта ер денгизи ва Ливия масалалари бўйича келишмовчиликлар юзага келаётган бўлса-да, Франциянинг халқаро муносабатларда ва айниқса, Европа Иттифоқида етакчи давлатга айланиш истаги масаланинг орқа фонида ётибди.

Бошланғич нуқта – Арманистон муаммоси

Икки давлат ўртасидаги зиддиятнинг бошланғич нуқтаси – Арманистон муаммосидир. 1980-йилларда Арманистонни озод қилиш арман махфий армияси (ASALA) томонидан туркиялик дипломатларнинг нишонга олиниши ва ушбу ташкилотнинг мамлакатдаги террористик ҳаракатларига Франция томонидан кўз юмилиши Париж ва Анқара ўртасида зиддият келтириб чиқарди.

Ушбу ҳужумлар натижасида кўплаб турк дипломатлари ҳалок бўлган. 2000-йиллар бошидан эътиборан «Арман геноциди» мавжуд эканини айтган Франция ҳукумати келишмовчиликларнинг янада чигаллашишига сабаб бўлди. Тахминан 700 минг армани яшайдиган Франция 2019 йил 24 апрелни «Арман геноцидини хотирлаш куни» сифатида қабул қилди.

Франция ҳукуматининг курдлар муаммосига муносабати

Тарихий жиҳатдан икки давлат ўртасидаги яна бир тортишув мавзуси курдлар масаласидир. Франция Турк Курдистон ишчилар партиясига (Туркиянинг шарқий ва жануби-шарқий қисми, Ироқнинг шимоли, Суриянинг шимоли-шарқи ва Эроннинг шимоли-ғарбий қисмини қамраб оладиган давлат ташкил этишни мақсад қилган айирмачиларнинг қуролли ташкилоти – таҳр.) ўз мамлакатида фаолият юритишга рухсат бергани сабабли алоқалар янада ёмонлашди.

Курдлар муаммосининг кескинлик сифатида пайдо бўлиш жараёни Франциянинг собиқ президенти Франсуа Миттеран (1981-1995) даврида курдлар ҳаракати очиқ қўллаб-қувватланишидан бошланганди.

Бугунги кунда ҳам Франция ушбу ташкилот тармоқлари бўлмиш PYD (Демократик иттифоқ партияси – 2003 йилда курдлар томонидан Суриянинг шимолида ташкил этилган сиёсий партия – таҳр.) ва YPG (Халқ мудофааси бўлинмалари – Сурияда ташкил этилган ва фаолият юритаётган Курдлар Олий қўмитасига алоқадор қуролли ташкилот – таҳр.) аъзолари билан учрашувлар ўтказмоқда ва бу ҳолат ҳам икки мамлакат ўртасидаги яна бир муаммо сифатида алоҳида ажралиб турибди. Бундан ташқари, Франция Туркиядаги курдлар масаласи билан шуғулланиш баробарида Ироқ ёки Эрондаги курдлар жамоатига нисбатан ҳам сиёсат юритиб келмоқда.