Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун яратилган шарт-шароитлар тўғрисида парламент сўрови юборилди
2019-2020 йилларда 115 минг 920 нафар тадбиркор аёл ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган. Сенатор Феруза Эшматованинг маълум қилишича, бунинг сабаби - ҳудуд, мамлакат эҳтиёжидан келиб чиқиб, бизнес режалар тузиш, истиқболда эса экспортга маҳсулот чиқариш мақсадида хотин-қизлар тадбиркорлигини йўлга қўйиш масаласида тизимли таҳлиллар ўтказилмаганидир.
Сенатнинг еттинчи ялпи мажлисида хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун яратилган шарт-шароитлар тўғрисида ҳукуматга парламент сўровлари юбориш масаласи муҳокама қилинди.
Мажлисда сўзга чиққан Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Феруза Эшматова соҳадаги муаммоларни санаб ўтди.

«Биринчидан, 2019-2020 йилларда ўз иш фаолиятини тўхтатган тадбиркор аёллар сони тадбиркорлик фаолиятини бошлаган аёллар сонидан кўп. Бунинг сабаби ҳудуд, мамлакат эҳтиёжидан келиб чиқиб, бизнес режалар тузиш, истиқболда эса экспортга маҳсулот чиқариш мақсадида хотин-қизлар тадбиркорлигини йўлга қўйиш масаласида тизимли таҳлиллар ўтказилмаган.
Мавжуд муаммолар чуқур ўрганилмаган ва уларни бартараф этиш бўйича самарали чора-тадбирлар ишлаб чиқилмаган. Оқибатда 2019-2020 йилларда хотин-қизлар томонидан жами 108 минг 782та тадбиркорлик субъекти ташкил этилган. Шу даврда эса 115 минг 920 нафар тадбиркор аёл ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган.
Иккинчидан, 2063 нафар ночор аёл, ижтимоий ҳимояга муҳтож 75 минг 920та оила, оғир турмуш шароитида яшаётган 6 минг 213 нафар нафар хотин-қизга мақсадли ёрдам бериш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш режалари ишлари етарли даражада олиб борилмаган.
Учинчидан, меҳнат бозоридаги ҳолат етарли даражада таҳлил қилинмаган. Мавжуд бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумотлар мутасадди идоралар ҳисоботида тўлиқ акс эттирилмаган. Бунинг оқибатида аниқ ишга жойлашишга муҳтож хотин-қизлар ҳамда ёшлар қатламини аниқлаш имкониятини берувчи статистик маълумот яратилмаган. Уларнинг бандлигини таъминлаш юзасидан манзилли чора-тадбирлар ишлаб чиқилмаган. Ишсиз ва ижтимоий фаол бўлмаган хотин-қизлар билан якка тартибда иш олиб бориш амалиёти яхши йўлга қўйилмагани сабабли ишсиз 1132 нафар оғир шароитда қолган хотин-қизлар эътибордан четда қолган», деди Феруза Эшматова.
Олий Мажлис Сенати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун яратилган шарт-шароитлар тўғрисида парламент сўрови юбориш ҳақида қарор қабул қилди.
Мавзуга оид
08:33 / 05.06.2026
АҚШ Россияга қарши санкцияларни кенгайтириш сари қадам ташлади
17:36 / 23.05.2026
Ўзбекистон парламенти делегацияси МДҲ ПА сессиясида қатор ташаббусларни илгари сурди
11:19 / 19.05.2026
Шартли озод қилинган шахслар устидан назорат кучаяди
21:46 / 18.05.2026