Ўзбекистон | 10:42 / 15.09.2020
4647
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда Болалар кутубхонаси биносини реконструкция қилиш ишлари бошланди

Режалаштирилган реконструкция ишлари ички элементлар интерьерига ва жойлашувига минимал даражада таъсир қилади.

Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Республика болалар кутубхонаси биносини реконструкция қилиш бўйича тасдиқланган лойиҳани тақдим этди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги хабар бермоқда.

XIX асрда қурилган мазкур бинонинг янгиланиши ва унда янги таълим ва маданият муассасасининг ташкил этилиши Жамғарманинг Ўзбекистонда меценатлик фаолиятини ривожлантиришдаги саъй-ҳаракатлари билан амалга оширилди. Маданий мерос объектларини сақлаш, муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишда меценатларни жалб қилиш Ўзбекистон Республикасининг "Меценатлик тўғрисида"ги Қонунида назарда тутилган.

Лойиҳа Ludi Architects (Санкт-Петербург) архитектура бюроси томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, у кутубхоналар ва китоб фондлари билан ишлашга ихтисослашган. Меъморларнинг фикрига кўра, режалаштирилган реконструкция ишлари ички элементлар интерьерига ва жойлашувига минимал даражада таъсир қилади. Шу билан бирга, кутубхонада 0 ёшдан 16 ёшгача бўлган болажонлар учун коворкинг майдони, лабораториялар, маърузалар ва маҳорат дарслари учун кўчма зал ташкил этилади.

Лойиҳа бўйича болалар кутубхонаси технологлари ҳам иш олиб бормоқда, улар муассасанинг тузилишини жаҳон стандартларига жавоб берадиган даражага олиб чиқишда ўз ёрдамларини беради. Улар китоб фонди ишларини ташкил қилиш, назорат қилиш ва нашрларни излаш тизимини йўлга қўйишади, бундай нашрлардан 200 минг нусхаси мавжуд бўлиб, бу минтақадаги болалар китобларининг энг йирик тўпламидир. 

Бундан ташқари, кутубхона барча инклюзив талабларга жавоб берадиган қулайликларга эга бўлиши режалаштирилган.

Мавзуга оид