— Тошкент туманидан анклав сифатида Тошкент шаҳри маъмурий бошқарувига берилиши мумкин бўлган ер масаласида суҳбатни бошласак. Балки жамоатчиликка бу нарса ҳали номаълумдир, балки бу ҳақда ҳали эшитмаган одамлар бордир. Аслида, нималар жорий этилмоқда ва бу тартиб кучга кирганми?
— Бу тартиб ҳали кучга киргани йўқ, ҳозирда бу фақатгина таклиф. Президентимиз мамлакатимизда урбанизация сиёсатини фаоллаштиришни таклиф қилди. Урбанизация ўзи нима? Урбанизация — менинг тушунишимча, қишлоқ шароитига шаҳардаги имкониятларни олиб кириш, шаҳарлашув жараёни. Қишлоқ аҳолисига ҳам шаҳарда бор бўлган маиший-қулайликлар тизими, тоза ичимлик суви, савдо, ва бошқа имкониятларни тақдим этишдир.

Мана шу урбанизация юзасидан қишлоқларимизни шаҳарга яқинлаштириш деган сиёсат йўлга қўйилди ва мана шу сиёсат юзасидан Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинди. Унга кўра, республикадаги 6та шаҳарга йўлдош шаҳарчалар ташкил қилиниши белгиланган. Йўлдош шаҳарча сиёсати деганда, шаҳарни ташкил қилувчи катта корхоналар, унинг атрофида аҳоли турар жойлари, соғлиқни сақлаш, таълим, савдо, маиший-корхоналар, йўл инфратузилмаси ташкил топишини тушуниш лозим ва бу ерда шаҳар ҳаёти бошланади. Масалан Олмалиқ, Чирчиқ каби шаҳарлар тарихда худди шундай йўл билан ташкил этилган. Шунинг учун ҳам республикамизда 6та шаҳарга йўлдош шаҳарчалар ташкил этиш режа қилинди.
— Булар қайси шаҳарлар?
— Андижон шаҳри учун Шаҳрихон ва Асака, Наманган шаҳри учун Тўрақўрғон ва Чортоқ, Фарғона шаҳри учун Мингдон, Самарқанд учун Челак ва Ургут шаҳарлари, Бухоро шаҳри учун Галаосиё, Қарши шаҳри учун Косон шаҳри ва Хонобод шаҳарчаси.
Бундан ташқари, Тошкент шаҳри ҳокимлиги ўз бошқарувига янги ерларни олиш таклифи билан чиқди. Биз депутатлар Қонунчилик палатасида Янгиҳаёт тумани ташкил қилиш тўғрисида янги қарорни тасдиқлаб бердик. Бунинг учун Тошкент вилояти, хусусан, Зангиотадан 200 гектардан ортиқ, Юқори Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқдан минг гектардан ортиқ ер берилди.
Маълумки, Қибрай, Тошкент ва Зангиота туманлари Тошкент шаҳрини таъминловчи туманлар ҳисобланади. Бу туманлар Тошкентда истиқомат қилаётган уч миллиондан ортиқ аҳолини озиқ-овқат билан таъминлайди. Энг катта бойлигимиз бу суғориладиган ер ҳисобланади. Агар биз унумдор ерларимизга уйлар қурсак, ёки бошқа ташкилотларга, биноларга бериб қўйсак менимча тўғри бўлмайди.




















