Шу йилнинг 7–8 сентябрь кунлари АОКА томонидан журналистлар учун камбағаллик рўйхати («темир дафтар»)га олинган оилалар ҳолати билан танишиш, уларга кўрсатилаётган ёрдамларни ўрганиш мақсадида Қашқадарё вилоятига пресс-тур ташкил қилинди.
Пресс-тур давомида вилоятнинг қатор ҳудудларида аҳоли вакилларига кўрсатилаётган ёрдамлар, одамларни даромадли қилиш борасида қилинаётган ишлар бизни хурсанд қилган бўлса, яна айрим ҳудудларда кўрганимиз хўжакўрсинга қилинаётган ишлар ҳафсаламизни пир қилгани ҳам бор гап.
Қуйида Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги бир маҳалла мисолидаги ўрганишларимиз ҳақида сўз боради.
8 сентябрь куни, эрта тонгдан туман ҳокими Алишер Зокиров ижодий жамоамизни Яккатут маҳалласига бошлади. Унинг айтишича, маҳаллада 81 нафар фуқаро оилавий шароити оғирлиги ва пандемия вақтида даромадини йўқотгани учун «темир дафтар»га олинган.

Зокировнинг қўшимча қилишича, ушбу фуқароларнинг 6 нафарига маҳалла ҳудудидаги самарасиз дея ҳисобланган 10 гектар боғ ҳудуди сабзавотчилик фермер хўжалиги сифатида бўлиб берилган.
Мазкур дала ҳудудида бизни кутиб олган Яккатут маҳалласи раиси Баҳодир Янгибоев бизни :«Бу одамлар «темир дафтар»да бўлгани учун уларга ер бердик ва яқин орада камбағаллик рўйхатидан ҳам чиқармоқчимиз, чунки энди улар доимий даромадли кишилар», дея маҳалланинг 6 нафар фуқароси билан учраштирди.
Қарангки, бизга таништирилган кишилар ҳам маҳалла раисининг гапларини тасдиқлади. Яъни улар ўзини «темир дафтар»да бўлгани учун ер олган кишилар сифатида кўрсатишди.
Аммо биз барчасига яна бир бор ишонч ҳосил қилиш учун ушбу фуқароларнинг исм-шарифларини маҳалланинг «темир дафтар»идаги фуқаролар рўйхати билан солиштириб кўрмоқчи бўлдик. Аммо солиштиришда маълум бўлдики, бизга кўрсатилган 6 нафар фуқародан фақатгина бир нафари маҳалланинг «темир дафтар»ига киритилган экан. Яна бир фуқаронинг ҳолати эса баҳсли. Бу ҳақда сал кейинроқ.
Биз дастлаб «темир дафтар»да бўлмаган, аммо бизга рўйхатда дея кўрсатилган 6 нафар фуқаронинг ҳолати юзасидан маҳалла раиси Баҳодир Янгибоевдан изоҳ сўрадик. Аммо Янгибоевнинг жавоби жуда мужмал. Худдики, барчасига ер олган одамларнинг ўзи ва уларнинг билимсизлиги сабаб.






















