Жиззахда 300 млн сўмлик қўйлар ўғирланди
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
2020 йил 10 сентябрь кунидан 11 сентябрь кунига ўтар кечаси Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида яшовчи 42 ёшли И.М. туман ҳудудида жойлашган фермер хўжалиги дала майдонида бўлган, “Қўшкўприк” маҳалласида яшовчи 59 ёшли Ф.Ж.га тегишли жами бозор нархи 300 млн. сўмлик 216 бош майда шохли чорва молларини яширин равишда ўғирлаб кетган.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари давомида фуқаро И.М. фуқаро Ф.Ж.га тегишли қўйларнинг 168 бошини фуқаро М.К.га қарашли Жиззах шаҳрида жойлашган автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаси ҳовлисига олиб бориб қўйилганлиги аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган ҳамда фуқаро Ф.Ж.га тилхат асосида топширилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Шароф Рашидов тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан И.М.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда содир этилган ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Дастлабки тергов жараёнида И.М. гумон қилинувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилинган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.