Ҳалокат оқибатларини бартараф этиш ишларида қатнашиш жараёнида нурланиш олган Н.Миёнмаликов охир-оқибат II гуруҳ ногирони бўлиб қолади. Тиббий-меҳнат эксперт комиссияси томонидан берилган ногиронлик тўғрисидаги маълумотномада ҳам Н.Миёнмаликовнинг ногиронлиги сабаби сифатида Чернобиль АЭСдаги авария туфайли келиб чиққан касаллик кўрсатилган.

2006 йил 18 апрелда унга А серияли 08257-сонли ЧАЭС ҳалокати оқибатларини бартараф этиш қатнашчиси гувоҳномаси берилган ҳамда ушбу гувоҳномада “гувоҳнома эгаси Ўзбекистон Республикаси қонунларида кўзда тутилган Чернобиль фожиаси оқибати натижасида зарар кўрган шахслар имтиёзларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга” деб ёзиб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Раёсати ва Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 6 апрелдаги 170-сонли қарори билан Чернобиль ҳалокатидан зиён кўрган Ўзбекистон Республикасида истиқомат қилувчи фуқароларга бериладиган ҳақ-ҳуқуқлар, пул компенсациялари ва имтиёзлар рўйхати тасдиқланган. Ушбу рўйхатнинг I бўлими 1-бандида Чернобиль АЭСдаги ҳалокат натижасида зарарланган зонада ҳалокат оқибатларини тугатиш ишларида иштирок этган шахслар тоифаси тилга олинган. Ушбу рўйхатнинг II бўлимида эса рўйхатнинг I бўлими 1-бандида тилга олинган шахсларга бериладиган имтиёзлар турлари келтирилган бўлиб, II бўлимнинг 5-бандига кўра, ушбу шахслар имтиёзлилар орасида турар-жой шароитини яхшилашга муҳтож деб топилган тақдирда устун даражада турар-жой майдони ёки алоҳида хона кўринишидаги қўшимча турар-жой майдони билан таъминланиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган.

2019 йил 27 сентябрь куни Тошкент шаҳар 1-сон асаб касалликлари диспансери томонидан берилган маълумотномада Н. Миёнмаликовнинг ушбу диспансерда “Д” тоифада рўйхатда туриши, соғлиқни сақлаш вазирининг 2001 йил 19 июлдаги 322-сонли буйруғига асосан руҳий ҳолатига кўра қўшимча турар-жой майдонидан фойдаланиш ҳуқуқига эгалиги билдирилган.

Н. Миёнмаликов юқоридаги қарорда келтирилган ҳуқуқидан фойдаланиш, яъни турар-жой шароитини яхшилаш мақсадида “Ўзбекистон чернобилчилари” ассоциацияси кўмагига таянади. Ассоциация 2020 йил 14 февраль куни Н. Миёнмаликов манфаатини кўзлаб Тошкент шаҳар ҳокими номига илтимоснома йўллайди. Ушбу илтимосномада Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Раёсати ва Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 6 апрелдаги 170-сонли қарорига асосан Н. Миёнмаликовга муниципал фонддан уй ажратишда ёрдам бериш сўралган.