Вазирлар Маҳкамасининг “Олис ҳудудларда жойлашган бюджет ташкилотларига ишга борадиган олий таълим муассасалари битирувчиларининг меҳнатини янада рағбатлантириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Молия вазирлигининг олис ҳудудларда жойлашган бюджет ташкилотларида бошқа ҳудудлардан келиб фаолият юритаётган олий маълумотли мутахассисларга бир марталик бошланғич ёрдам пули ва уй-жойларни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсацияси бериш ҳамда уларни уй-жой билан таъминлаш тизимини жорий қилиш тўғрисидаги таклифига розилик берилади.

Белгилаб қўйилишича:

а) мазкур қарорда олис ҳудуд деб Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 июндаги 471-сон қарорига 1-илова билан тасдиқланган умумий ўрта таълим муассасаларида бошқа ҳудудлардан келиб фаолият юритаётган педагог ходимларга махсус устама белгиланадиган ҳудудлар тушунилади;

б) олис ҳудудларда жойлашган бюджет ташкилотларида бошқа ҳудудлардан келиб фаолият юритаётган олий маълумотли мутахассисларни рағбатлантириш бўйича янги механизм 2021 йил 1 январдан бошлаб жорий қилинади;

в) олис ҳудудларда жойлашган бюджет ташкилотларида бошқа ҳудудлардан келиб фаолият юритаётган олий маълумотли мутахассисларга бериладиган бир марталик бошланғич ёрдам пули базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараварига ҳамда уй-жойларни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсацияси базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 бараварига тенглаштирилади;

г) мазкур қарор билан белгиланган бир марталик бошланғич ёрдам пули ва ҳар ойлик пул компенсацияси ҳамда уй-жой шароитини яхшилаш бўйича имтиёзлардан олий таълим муассасасининг бакалавриати ва магистратурасини (таълим шаклидан қатъий назар – кундузги, сиртқи, кечки, шунингдек иккинчи мутахассислик) тамомлаганидан кейин уч йил мобайнида олис ҳудудларда жойлашган бюджет ташкилотларига ишга кирган битирувчилар фойдаланиш ҳуқуқига эга;

д) ҳар ойлик пул компенсацияси олий маълумотли мутахассис ишга қабул қилинган ойдан бошлаб 36 ой мобайнида тўланиши, бунда хизмат уй-жой майдони берилган тақдирда ёки у уй-жой сотиб олганда, унинг ваколатлари тўхтатилганда ва тугаганда пул компенсацияси тўлаш тўхтатилади;

е) олий маълумотли мутахассис пул компенсациясини олиш учун вақтинча яшаш жойини ва уй-жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун коммунал хизматлар қийматисиз амалдаги харажатлар суммасини кўрсатган ҳолда тегишли бюджет ташкилоти раҳбарига ариза бериши шу асосида тегишли бюджет ташкилотининг уй-жойни ижарага олиш (ижарада туриш) учун компенсация миқдорини кўрсатган ҳолда пул компенсацияси тайинлаш тўғрисида буйруғи чиқарилиши ҳамда тегишли бюджет ташкилотининг бухгалтерияси томонидан ушбу буйруқ асосида, иш ҳақи тўлаш билан биргаликда ўтган календар ойи учун тўлов ведомости бўйича тўланади;