Кейинчалик Россия Ғарбий ҳарбий округи бу маълумотни тасдиқлади: «7 октябрь куни 13:20 лар атрофида (Тошкент вақти билан 15:20) Рязань вилояти Желтухина аҳоли яшаш пунктида жойлашган Ғарбий ҳарбий округнинг қурол-яроғ омбори жойлашган ҳудудида қуруқ ўтлар ёна бошлаган. Шамол билан олов артиллерия ўқ-дорилари сақланаётган ҳудудгача етиб борган. Айни дамда ҳарбий қисмнинг техник ҳудудида ўқ-дориларнинг портлаши кузатилмоқда. Ҳудуддан шахсий таркиб ва фуқаролар эвакуация қилинган. Жароҳатланганлар йўқ», деб округ ахборот хизматининг маълумотини келтирган «Интерфакс».

Маълум бўлишича, маҳаллий ўт ўчирувчилар ёнғинни тезда ўчиришга ҳаракат қилишган, лекин бунинг имкони бўлмаган. 5 км яқиндаги 14 та аҳоли яшаш пунктидаги 2 минг киши эвакуация қилинган. P-22 «Каспий» автомобиль йўли ёпиб қўйилган. Бу Москвадан Тамбовга ва бошқа жанубий ҳудудларга олиб борувчи йўл. «Интерфакс»га кўра Скопинскдаги тиббиёт марказига ёнғиндан жабрланган икки кишини олиб боришган. Россия ФВВ ёнғинни ўчириш учун маҳаллий ўт ўчирувчилар билан бирга махсус ўт ўчирувчи поездни ҳам жалб қилган. Шунингдек, ФВВнинг Ил-76 самолёти ва вертолётлар ҳам ёнғинни бартараф этишда қатнашмоқда. 430 нафар қутқарувчилар воқеа жойида ишламоқда.