Раҳимованинг айтишича, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, стратегик аҳамиятга эга бўлган хўжалик жамиятлари ва корхоналар, устав фондида (устав капиталида) давлат корхоналари ва устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ё ундан ортиқ бўлган юридик шахслар томонидан амалга ошириладиган давлат харидлари Ўзбекистон Республикасининг «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонуни билан қамраб олинмаган. Янги таҳрирдаги қонунда уларнинг харидларига ҳам қонун талаблари татбиқ этилиши кўзда тутилмоқда.
«Амалдаги қонунчиликда давлат буюртмачисининг харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш ва ўтказиш учун масъул бўлган шахснинг касбий маҳоратга эга бўлиши кераклиги белгиланмаган. Шу сабабли, янги таҳрирдаги қонун лойиҳасида шунга масъул бўлган шахснинг малакасини мунтазам равишда ошириб бориши ваколатли орган томонидан ташкил этиладиган мажбурий ўқитиш орқали таъминланиши белгиланмоқда», — дейди Раҳимова.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов давлат харидлари соҳасида мазкур соҳада очиқлик ва шаффофликни таъминловчи усуллардан етарлича фойдаланилмаётганига эътибор қаратганди.
Гулнора Раҳимованинг билдиришича, шу туфайли қонун лойиҳасига бенефициар мулкдор тушунчаси киритилди.
«Бенефициар мулкдор – пировардида мулкий ҳуқуқларга эгалик қиладиган ёки контракт бўйича товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берувчини амалда назорат қиладиган жисмоний шахс. Харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчилари ва давлат харидлари ижрочиларига ўзларининг бенефициар мулкдорларини очиқлаш мажбурияти юклатилмоқда. Давлат харидларини амалга оширишнинг барча турлари шу жумладан, тендер (танлаш) ўрнатилган тартибда электрон шаклда ҳам амалга оширилиши мумкинлиги, танлаш ва тендерларни электрон шаклда ўтказишда харид комиссияси ахборот-коммуникация технологиялари воситаларидан фойдаланган ҳолда масофавий тарзда овоз беришга ҳақлилиги белгиланмоқда», — дея қайд этди у.
Давлат харидларнинг маълум бир қисмида инсофсиз рақобатга йўл қўйилган ҳолда битта лотда иштирокчи ва харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчисининг аффилланган шахслари томонидан иштирок этиш ҳолатлари мавжуд бўлган.
















