«Умид қиламизки, Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари ва Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси вазифасини бажарувчиси вазиятни барқарорлаштиришни уддалайди», дея қўшимча қилган Кремль вакили.

Генерал Омурбек Суваналиев 6 октябрь куни маҳаллий нашрларга берган интервьюсида ҳукуматдаги бўшлиқ ва президент Сооронбай Жээнбеков йўқлиги туфайли Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари ва Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари лавозимларини ўз зиммасига олиши ҳамда мамлакатдаги кучишлатар тузилмалар фаолиятини мувофиқлаштиришини айтганди.

У ФСБ (Федерал Хавфсизлик Хизмати) директори Александр Бортников билан телефон орқали мулоқот қилган.

Қирғизистон Россия билан бирга Коллектив хавфсизлик тўғрисидаги шартнома ташкилоти (КХШТ) ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи аъзоси ҳисобланади. Ушбу мамлакат ҳудудида Россия ҳарбий-ҳаво базаси жойлаштирилган.

Дмитрий Песков Москва ҳозирда Сооронбай Жээнбековга бошпана тақдим этиш масаласини кўриб чиқмаётгани ва у Россияга келмоқчилиги ҳақида маълумот йўқлигини айтиб ўтган.

Песков Қирғизистондаги вазият бўйича батафсил баҳо беришдан тийилган: «У ерда айнан нима бўлаётганини ўша жойдаги одамлардан сўраш керак».

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 7-8 октябрь кунларида Россия, Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистон раҳбарлари билан телефон орқали боғланиб, Қирғизистондаги вазиятни муҳокама қилди. Барча мулоқотларда Қирғизистондаги вазият ушбу мамлакат Конституцияси ва миллий қонунчилиги нормаларига мувофиқ тез фурсатда барқарорлашишига умид билдирилди.

Бишкекдаги тартибсизликлар: намойишчилар Оқ уйни эгаллади, сайлов натижалари бекор қилинди

Қирғизистонда нималар бўлмоқда?
Қирғизистонда Оқ уй ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биноси қамал қилинганидан буён тўртинчи кундирки ҳокимият учун кураш кетмоқда. Мамлакатда 4 октябрь куни ўтказилган парламент сайловлари натижалари унда иштирок этган 16 партиядан 12таси томонидан тан олинмаган, мухолифатдаги партиялар ўз тарафдорларини тинчлик митингларига чорлашганди, митинг намойишчиларнинг милиция билан тўқнашувларига айланиб кетди.

Ўшандан буён мамлакат президенти Сооронбай Жээнбеков қирғизистонликларга фақат видеоалоқа орқали мурожаат қилмоқда, у айнан қаердалиги маълум эмас. Президентнинг матбуот хизмати у Қирғизистон пойтахтида эканини маълум қилган.