«Мен Тошкент вилояти Бўка туманида туғилганман, ёшим 59да. Уч нафар фарзандим бор. Тошкент давлат политехника институтининг Механика факультетини тугатганман. 2007 йилдан фермер хўжалигида ишлай бошладим. Ишлаш давомида керакли механика воситаларини ўз даромадимга сотиб олдим. Фермер хўжалигининг ер майдони 64,7 гектар эди, асосан пахта-ғаллачиликка ихтисослаштирилган. Биз қўшимча ишчи кучи яратиш, қўшимча даромад учун чорвачилик ва асаларичиликни ҳам ривожлантирдик. Аммо 2019 йил январь ойида оптимизация бошланди», — дея ҳикоясини бошлади фермер.

Нуриддин Абдуғаффоров ерларни оптимизация қилиш сиёсатидан азият чекиб, ерини йўқотди. Кейинчалик туман ҳокимининг тегишли қарори устидан прокуратура ва судга шикоят қилди. Унда бунга етарли асос бўлганди.

«Ташкилот раҳбарларининг ўзлари ички комиссия тузиб ишни кўриб чиқишган. Улар 112 гектар ерни менга бериш лозим, деб топишган. Икки кундан сўнг депутатлар сессиясида ташкилотлар раҳбарлари билан бизни йиғишди, ўша вақтда туман ҳокими ўринбосари бўлган Умид Йўлдошев «мен рад этдим» деб лойиҳани «Абдужаббор фермер хўжалиги»га бериб юборди.

Мен кўп жойларга — бир неча бор президент порталига ҳам мурожаат қилдим. Бу вақт давомида янги ҳоким тайинланди. Мен ва мазкур вазиятдан норози бўлган йигирмага яқин фермерлар ҳокимга мурожаат қилдик. У мурожаатномам билан танишиб, мени лойиҳага муносиб кўрди. Ўша ерда ҳокимнинг қишлоқ хўжалиги бўйича маслаҳатчиси Абдусамат Носиров бор эди. Туман прокурори, ИИБ бошлиғи 2019 йил 20 март куни Абдусамат Носировдан «берилган ерни бошқатдан кўриб чиқайлик», деб сўраганида, у киши «агар бунга ерни берсак, бошқалар ҳам жанжал қилади, бунинг орқасида икки юз-уч юз одам турибди», дея жавоб қилган. Масала суд орқали ҳал этилиши маъқул кўрилди», — дейди у.

Фермер ўзининг ҳуқуқий жиҳатдан ҳақ эканини исботламоқчи бўлди. Масалан, 2019 йил 30 январда Бўка тумани ҳокимининг 182-сонли қарорни қабул қилиш учун Ўзбекистон Ер кодексининг 36-моддаси 1-қисми талаби (Ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг бекор қилинишида ер участкасидан ихтиёрий воз кечиш) ўрнатилган тартибда бажарилмаган.