Элдор Арипов: «Афғонлараро музокаралар тинчлик учун қўлдан бой берилган яна бир имкониятга айланмаслиги керак»
Ўзбекистон Афғонистондаги тинчлик жараёнини қўллаб-қувватлайди ва Самарқандда тўғридан-тўғри афғонлараро музокараларни ўтказишга тайёр. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов «Афганистан.Ру» порталига айтиб ўтди.
Унинг сўзларига кўра, Тошкент Афғонистонни имкониятлар мамлакати сифатида кўради. Бошланган тинчлик жараёни Афғонистонни Жанубий ва Марказий Осиё ўртасида кўприк сифатида тиклаш ҳақида гапириш имконини беради.
«Тошкентнинг Афғонистон бўйича янги сиёсати президент Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиёни «барқарорлик ва фаровон ривожланиш ҳудудига» айлантириш сиёсати билан бевосита боғлиқ. Афғонистонга янгича қараш белгиланган стратегиянинг муҳим элементига айланди. Ўзбекистон олдингидек ундан юз ўгираётгани йўқ, балки бу мамлакатни бутун Марказий Осиёнинг ажралмас қисми сифатида кўряпти», - деди у.
Элдор Ариповнинг айтишича, Ўзбекистон-Афғонистон муносабатларида кўплаб йўналишларда «тизимли олға силжиш» юз берди.
«Аввало, афғон можаросини ҳал қилишда принципиал жиҳатдан янги саҳифа очилди. Бунга Ўзбекистон раҳбарининг ташаббуси билан ўтказилган Афғонистон бўйича Тошкент конференцияси мисол бўла олади. Айнан у Афғонистонда тинчлик ва барқарорликка имкон қадар тезроқ эришиш учун бутун дунё ҳамжамиятининг саъй-ҳаракатларини кучайтиришга «кучли туртки» бера олди. Конференция, шунингдек, «Толибон» ҳаракати билан тўғридан-тўғри музокараларга, кейинчалик эса афғонлараро мулоқотни ташкил этишга асос яратди», - дейди Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори.
Қайд этилишича, Афғонистондаги вазиятни тартибга солиш Марказий Осиё минтақасига катта таъсир кўрсатади. Тинч Афғонистон ҳамма учун фойда келтирадиган янги, ноёб ҳамкорлик истиқболларини очиб беради.
«Бошланган афғонлараро мулоқот жуда узоқ давом этган афғон можаросини ҳал қилишда олдинга қўйилган қадамдир. Афғонистонда 40 йил ичида биринчи марта кўп йиллик қон тўкилишини тўхтатиш, қурбонлар олдини олиш учун ноёб имконият мавжуд. Энг муҳими, ҳозир миллионлаб афғонистонлик фуқаро тинч ҳаётга қайтиш имкониятига эга.
Албатта, Афғонистон масаласида ҳали сўнгги нуқта қўйилмаган. Шубҳасиз, ҳали олдинда жуда кўп иш бор, сабаби бошланган тўғридан-тўғри музокаралар якун эмас, балки тинчлик йўлининг фақат бошланишидир.
Бугун Афғонистон ичидаги мулоқот томонлар ўртасида тактик сулҳ тузиш билан эмас, балки чинакам барқарор тинчликка эришиш билан тугаши ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ.
Бошланган афғонлараро инклюзив музокаралар тинчлик ўрнатиш йўлида яна бир бой берилган имкониятга айланишига йўл қўймаслик муҳим. Хорижий давлатлар қўшинлари олиб чиқиб кетилиши мумкинлигига қарамай, Афғонистонга эътибор сусаймаслиги лозим», - деди Элдор Арипов.
Мавзуга оид
21:44 / 09.11.2024
Афғонистонда ИИВ, Мудофаа вазирлиги ва разведка қурол-яроғ бериш ҳуқуқидан маҳрум этилди
18:05 / 06.11.2024
Афғонистонда кўкнори етиштириш ҳажми яна ошмоқда — БМТ
14:12 / 06.11.2024
Ўзбекистон ва ЕИ афғон масаласи бўйича ўзаро маслаҳатлашувни давом эттиради
22:45 / 02.11.2024