Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Тошкент шаҳридаги велойўлакчаларни кўздан кечирди
Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Тошкент шаҳридаги велойўлакчалар ҳамда аҳолининг оммавий спорт турлари билан шуғулланиши йўлида амалга оширилаётган ишларни яқиндан кўздан кечирди.
Қўмита хабарига кўра, Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги ишчи гуруҳ пойтахтнинг Мирзо Улуғбек, Миробод ҳамда Сергели туманлари бўйлаб ўрганиш ишларини олиб борди. Велойўлакчалар, спорт майдонлари, спорт мактаблари, янги барпо этилаётган кўприк атрофи, туманда бунёд этилаётган янги уйлар атрофидаги ҳудудлар шулар жумласидандир.
Ишчи гуруҳ вакиллари маҳаллий аҳоли ҳамда сайёҳларнинг велойўлакчалардан фойдаланиши ва хавфсиз ҳаракатланиши учун яратилаётган шароитлар билан танишиб чиқди. Жойларда бу йўналишда мавжуд камчиликларни ўрганиб, уларни тезкор бартараф этишга оид чора-тадбирларни амалга оширишга келишиб олинди.
Азиз Абдуҳакимовнинг маълум қилишича, Шаҳрисабз кўчасидаги велойўлакча яқин 10 кун ичида эксплуатацияга топширилади. Бу йўлакчада кўзи ожиз кишилар хавфсиз ҳаракатланиши учун алоҳида жой ажратилган.
“Бу йўлларни ўзимиз шахсан ҳаракатланиб синаб кўрмасак, оммавий спорт ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга доир ишлар жадал кетмайди”, - деди бош вазир ўринбосари.
Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Даврон Ҳидоятов пойтахтда велойўлакчаларни бунёд этишга оид ишлар ҳақида сўз юритиб, қуйидагиларни маълум қилди:
“Аҳмад Дониш кўчаси тўлиқ тайёр бўлди, умумий майдони 5 километрни ташкил этди. Фарғона йўли кўчасида велойўлакча яратилмоқда, ҳар битта томонини 7 километрдан ҳисобласак, умумий майдони -14 км. Бундан ташқари, анҳор бўйларида ҳам велойўлаклар барпо этилган бўлиб, уларнинг умумий майдони 10 км чиқади. Хулоса қилиб айтганда, бу йил 20 км майдон велойўлакчага айлантирилади, кейинги йил эса камида 25 км майдон велойўлакчага айлантирилиши белгиланган”.
Азиз Абдуҳакимовнинг сўзларига кўра, асосий камчиликлар айрим жойларда зинапоялар қурилиши ва бўёқ ишлари охирига етказилмаганлиги билан боғлиқ, лекин энг асосий муаммо автомобиллар эгаларининг ўз машиналарини тегишли белгилари бўлишига қарамасдан велойўлакчаларга жойлаб қўйишидадир.
Шу ўринда, бош вазир ўринбосари пойтахт аҳолисига мурожаат қилди:
“Пойтахтимиздаги барча автомобиль эгаларидан тегишли тартибга тўлиқ риоя этишларини, ўз машиналарини пиёдалар ёки велосипедчилар ҳаракатланувчи йўлакларда қолдирмасликларини сўраймиз!”.
Бундан ташқари, Азиз Абдуҳакимов мутасаддиларга жойларда автотураргоҳлар ва велойўлакчаларни кўпайтириш, ободончилик ишларини кенгайтириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилувчи маълумотларни кўпайтириш, махсус иловалар ишлар чиқишга доир тегишли тавсия ва топшириқлар берди.
Учрашув давомида, шунингдек, спорт вазири ўринбосари Аваз Каримов - Sport Runners, Сергели тумани ҳокими Sergeli Runners ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан Tourism Runners гуруҳлари очилиб, Самарқанд ярим марафонида иштирок этиши, шунингдек, кейинчалик ходимларнинг соғлом турмуш тарзига риоя этиши ва мунтазам равишда оммавий спорт билан шуғулланиши белгиланди.
Бош вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, 22 октябрь куни Мирзо Улуғбек ва Сергели туманларида бошланган инспекцион ишлар эртага, 23 октябрда бошқа туманлар кесимида амалга оширилади.
Мавзуга оид
15:05 / 12.11.2024
Тошкент ҳавосини ифлослантириши мумкин бўлган барча объектлар назоратга олинди — ҳокимлик
22:45 / 10.11.2024
Тошкентда «закладчик»ни калтаклаган уч нафар шахс қўлга олинди
10:47 / 08.11.2024
Тошкентда айрим кўчалар ёпилиши ҳақидаги хабарлар рад этилди
16:17 / 07.11.2024