Ўзбекистон | 08:15 / 28.10.2020
39652
2 дақиқада ўқилади

Банк кассаларининг иш тартиби ўзгартирилди

Марказий банк бошқаруви “Тижорат банкларида касса ишини ташкил этиш, нақд пул ва бошқа қимматликларни инкассация қилишга доир йўриқномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қарорни қабул қилди.

Фото: 112.ua

"Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида"ги ҳамда "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида"ги қонунларига мувофиқ йўриқномага ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилмоқда.

Norma'нинг ёзишича, иккита тушунча киритилмоқда:

  1. банк (филиал) биносидан ташқарида ташкил этилган кассалар – минибанк кассаси, банк хизматлари офиси кассаси, махсус касса ва бошқа барча турдаги кассалар;
  2. инкассация хизмати – хўжалик юритувчи субъектлар, шунингдек банклар, банкларнинг филиаллари ва алоҳида бўлинмаларига тегишли бўлган нақд пул ва бошқа қимматликларни инкассация қилиш, ташиш ҳамда кузатиб бориш хизмати.

Банк (филиал) биносида ва бинодан ташқарида ташкил этилган кассаларнинг қурилиши, зарурий асбоб-ускуналар билан жиҳозланишини тартибга солувчи соддалаштирилган тартиб-таомиллар тўлдирилди. Хусусан, қуйидагилар учун асослар шартланмоқда:

  • касса очилиши тўғрисидаги қарор;
  • қимматли қоғозлар, кафолат ва кафилликлар ҳамда гаров сифатида, суғурта полисларининг қабул қилиб олиниши тартиби;
  • штатлар жадвали;
  • мижозлар сони;
  • хизматлар турлари;
  • хавфсизликни таъминлаш ва бошқалар.

Банк кассалари, уларнинг фаолияти устидан масофадан туриб кунлик назорат ўрнатилган ҳолда, исталган ҳудудда ташкил этилиши мумкин.

Хўжалик юритувчи субъектлар биноларида банк (филиал) билан тузилган шартномага асосан кассалар ташкил қилиниши мумкин. Банк кассаси томонидан тақдим этиладиган хизмат турлари шартномада келишиб олинади.

Касса китоблари, касса журналлари, бланклар ва варақаларни расмийлаштириш ҳамда тасдиқлаш ишлари электрон шаклда ҳам йўлга қўйилиши мумкин.  Бунинг учун дастурий маҳсулотлар билан ишловчи моддий жавобгар шахс биометрик тарзда идентификация қилиниши керак. 

Шунингдек, бошқа ўзгартиришлар ва қўшимчалар ҳам назарда тутилган.

Ҳужжат 22.10.2020 йилдан кучга кирди.

Мавзуга оид