Ҳолат юзасидан суриштирув ўтказиб, мактабгача таълим вазирлиги ахборот хизмати ва Самарқанд вилоят мактабгача таълим бошқармаси мутасаддиларидан изоҳ олдик. Шунингдек, постлардан бирида айтилган Самарқанддаги боғча мудири билан ҳам боғландик.

Самарқанд вилояти мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилфуза Азизованинг айтишича, тарқалган суратни эрталаб кўриб, гап қайси боғча ҳақида кетганини аниқлай олмаган. Бу борада Самарқанд вилоятидаги барча туман МТБ мудирларига маълумот жўнатилган ва ички суриштирув ўтказилган.

Дилфуза Азизова

Кўмир қандай етказиб берилади?

Шу ўринда бошқарма қарамоғидаги боғчаларга кўмир қандай етказиб берилиши билан қизиқдик. Дилфуза Азизовага кўра, вилоятдаги мавжуд боғчаларда йиллик қанча кўмир ишлатиши аниқ ва шунга кўра кўмир тақсимланади. Вилоят бошқармаси рўйхат шакллантириб, вилоятдаги боғчалар куз-қиш мавсуми учун қанча кўмир олиши лозимлигини вилоят ҳокимлиги ва мактабгача таълим вазирлигига юборади. Мактабгача таълим вазирлиги барча вилоятлардан юборилган маълумотларни «Ўзбеккўмир»га жўнатади.

Шундан сўнг, омборларга кўмир келганда вилоят ҳокимлигидан шу ишга масъул бўлган мутасаддилар кўмирни турли ташкилотларга тақсимлайди ва туманлардаги мактабгача таълим бўлимлари навбати билан ўз ҳудудидаги боғчаларга кўмир олиб беради.

Жорий йил Самарқанд вилоятида фаолият юритаётган боғчалар учун «Ўзбеккўмир»нинг Самарқанд кўмир етказиб берувчи филиалидан 894 тонна кўмир ва 1686 тонна кўмир брикети харид қилинган. Бундан ташқари, «Кўмир таъминот» МЧЖдан 859 тонна брикет олинган.

Дилфуза Азизовага «Боғчаларга берилаётган кўмирнинг сифатини назорат қиласизларми? Мабодо қайсидир боғчага сифатсиз кўмир тўғри келиб қолса, ўша боғча қандай йўл тутади?» деб савол бердик. Унинг айтишича, бундай ҳолатларда боғчалар омбордан қандай кўмир беришса, ўшани олиб кетишга мажбур.

Шунинг учун ҳам мактабгача таълим тизими мутасаддилари куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш масаласи кўндаланг келганда «Ўзбеккўмир»га ҳам, ҳукуматга ҳам, жойларда ҳокимлик мутасаддиларига ҳам кўмир эмас, брикет сўраб мурожаат қилишяпти. Аммо ҳозирча брикетни ҳаммага етказиб бўлмаяпти. Берилаётган кўмирнинг сифати эса яхши эмас.

Боғчаларга берилаётган кўмирнинг ярми кукунга чиқади. Айрим боғчалар кўмир деб берилаётган кўмир кукунини амаллаб ёқаётган бўлса, айримлари ходимлари билан уни «кўмир таппи» қилиб ёқмоқда.