Трансплантология — тиббиётнинг инсон аъзоларини кўчириб ўтказишга оид муаммоларини ўрганувчи бўлими бўлиб, сунъий органлар яратиш билан ҳам шуғулланади.

Трансплантология ҳам бир неча йўналишларга бўлинади:

  • ксенотрансплантация – органлар ва/ёки тўқималарнинг бошқа турдаги биологик турдан (масалан ҳайвонлардан) трансплантация қилиниши;
  • аллотрансплантация - трансплантациянинг бу турида донор сифатида генетик ва иммунологик жиҳатдан бегона инсон иштирок этади;
  • сунъий органлар – гарчи дастлабки қадамлар энди қўйилаётган бўлса-да, бу йўналиш ҳам энг истиқболли ҳисобланади;
  • ўзак ҳужайралардан турли аъзоларни етиштириш;
  • аутотрансплантация – донор ва реципиент (яъни олувчи ва берувчи) бир инсоннинг ўзи бўлади (масалан, тананинг маълум қисмидаги тери зарур жойга кўчирилади).

Замонавий трансплантология асосчиси Алексис Коррель ҳисобланади ва у бу борадаги тадқиқотлари учун 1912 йилда Нобель мукофотига сазовор бўлган. Айнан Коррель инсон аъзоларини кўчиришнинг асосий принципларини ишлаб чиққан ва амалиётга киритган.

Шундан кейин ички аъзоларни кўчириб ўтказиш қуйидаги даврларни бошдан кечирган:

  • 1954 йилда жарроҳ Жозеф Мюррей бошчилигидаги шифокорлар гуруҳи эгизаклардан биридан иккинчисига буйракни муваффақиятли кўчириб ўтказган. Мюррей кейинчалик тадқиқотларини давом эттириб, бегона организмлардан ҳам трансплантациялар амалга оширган ҳамда органларнинг уйғун фаолиятини йўлга қўйиш бўйича қатор янгиликлар киритган.
  • 1956 йилда Томас Старзл илк бор жигар кўчириб ўтқазган.
  • 1963 йилга келиб Миссисипи университети клиникаси шифокори Жеймс Харди битта ўпкани кўчириб ўтқазган. Аммо бемор орадан бир неча кун ўтиб вафот этади. Бир ўпканинг муваффақиятли трансплантацияси 1983 йилда жарроҳ Жоель Купер томонидан амалга оширилган. Айнан Купернинг ўзи 1986 йилда икки ўпкани кўчириб ўтказишга ҳам муваффақ бўлган.
  • Трансплантация соҳасида ўзига хос инқилоб сифатида қараладиган юракни кўчириб ўтказиш операцияси ЖАРлик жарроҳ Кристиан Барнард томонидан 1967 йилда амалга оширилган. Барнарднинг бемори 16-куни вафот этган бўлса-да, шифокор шон-шуҳрат билан тиббиёт тарихига кирди.