12 декабрь куни академик В. Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида илк бор Кароли синдромига чалинган беморда мураккаб жигар кўчириш операцияси ўтказилди. Ушбу жарроҳлик амалиёти хирург, профессор Миршавкат Акбаров бошчилигидаги ўзбекистонлик шифокорлар томонидан мустақил амалга оширилди.
12 соатдан ортиқ давом этган жарроҳлик амалиётида Навоий вилоятининг Қизилтепа туманидаги Работ маҳалласида яшовчи 18 ёшли бемор — Ферузбек Шамсиддиновга 44 ёшли онаси Гулчеҳра Юлдашеванинг жигаридан бир бўлаги кўчириб ўтказилди.
Ҳозир ҳар иккала беморнинг ҳам аҳволи яхши, донор эса палатага олинган. Операция олдидан Ферузбек ва онаси ўзларининг ҳис-ҳаяжонлари ва фикрларини ССВ Матбуот хизмати билан ўртоқлашди.
«Икки йил аввал теримда жуда кучли қичишиш пайдо бўлди. Кейинчалик рангим сарғая бошлади. Шундан сўнг туман кўп тармоқли поликлиникаси шифокорларига мурожаат қилдик. Топширган қон таҳлилларим менда гепатит В касаллиги борлигини кўрсатди.
Врачлар тавсияси билан тиббий муолажалар олишни бошладим, бироқ умумий аҳволимда ижобий ўзгариш бўлмади. Шундан сўнг Бухоро вилоят клиник шифохонасида қайта тиббий текширувлардан ўтдим.
Якуний таҳлиллардан кейин шифокорлар жигаримда жиддий хасталик борлигини, уни эса Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида операция орқали даволаш мумкинлигини айтишди. Бу ерга келгач, менда камдан кам учрайдиган оғир касаллик аниқланди. Очиғи, аввалига бироз қўрқув бўлди. Аммо шифокорларнинг тавсиялари, руҳий далдаси ушбу ҳаяжонни енгишимга катта ёрдам берди», дейди Ферузбек Шамсиддинов.
Беморни операцияга тайёрлаган шифокор Азимжон Усмонов бу йил ўнлаб ҳамкасблари қатори Россиянинг академик В.И.Шумаков номидаги трансплантология ва сунъий органлар миллий тиббиёт илмий марказида малака ошириб қайтган ёш жарроҳлардан ҳисобланади.
У Кароли синдроми камёб касаллик бўлиб, ҳар миллион кишининг биттасида аниқланишини таъкидлади. Бемор ёш бўлгани ва касаллик ирсий экани ҳамда ҳеч қандай вирусли инфекция йўқлиги сабабли Ферузбек операциядан сўнг ўзини тез тиклаб олади.
Маълум бўлишича, дастлаб беморнинг акаси донорликка тайёрланаётган бўлган. Лекин текширувларнинг анатомик хусусиятлари унинг донор бўла олмаслигини кўрсатган. Кейин эса беморнинг онаси текширилиб, жигарнинг бир бўлагини олиш учун барча кўрсаткичлар мос келган. Бироқ ортиқча вазнга эга бўлгани учун Гулчеҳра опа бир ой ичида 10 килограммга озишига тўғри келган.


















