17:14 / 13.11.2020
3960

SCIENCE фани қайсидир фандан воз кечиш эвазига жорий этилаётгани йўқ – Республика таълим маркази

Республика таълим маркази директори Шуҳрат Сатторов 1-6-синфларда SCIENCE (табиий) фани ўқитилиши ҳақида маълумот бериб, у туфайли мавжуд дарс соатлари қисқармаслиги, аксинча, таълим сифатини ошириш учун мавжуд фанларнинг интеграцион тарзда ўқитилиши ҳақида маълум қилди.

 

«SCIENCE фани амалга киритилишидан олдин халқаро амалиёт, Ўзбекистонда ишлаётган хусусий ва хорижий мактаблар тажрибаси ўрганилди.

Янги фан ўқувчиларни кичик ёшидан табиий фанларни ўқишга рағбатлантириш, уларда олам ҳақида яхлит тасаввур пайдо қилишга ёрдам беради. Бунинг билан бола физика-кимё қийин эмас, қизиқ фан эканини англайди ва уни ўрганишга ўзида рағбат сезади.

SCIENCE фани қайсидир фандан воз кечиш ёки қайсидир фаннинг ўрнига жорий этилаётгани йўқ. Аксинча, таълим сифатини ошириш учун мавжуд фанларнинг интеграцион тарзда ўқитилишини таъминлайди.

Масалан, ёмғир ҳақида ўрганиш жараёнида бола унинг таркиби, физик хусусиятлари, қайси фаслларда ва қаерларда ёғиши, ёмғир таъсирида Ерда қандай ўзгаришлар бўлиши, ўсимликлар учун фойдаси ҳақида маълумотга эга бўлади.

SCIENCE фани 1-2-синфда «Атрофимиздаги олам», 3-4 синфда «Табиатшунослик», юқори синфларда эса 4та алоҳида фан, география, биология, физика (6-синфдан бошлаб), кимё (7 синфдан бошлаб) фанларини ўзида бирлаштиради.

Айни пайтда 1-2-синфда «Атрофимиздаги олам» (1 соат), 3-4-синфда табиатшунослик (1 соат), 5-синфда ботаника, география, физика 1 соатдан, 6-синфда 2 соатдан, жами 12 соат ўқитилади. Ҳозирги таклифларга кўра, SCIENCE фани 1-синфда бир соат, 2-4-синфда икки соатдан, 5-6-синфда эса 3 соатдан, жами 13 соат ўқитилиши тавсия этилмоқда. Шунга кўра, табиий фанлар бошқа фанларнинг соатини қисқартирмайди.

Табиий фанларни жорий этишдан олдин танлаб олинган мактабларда шу ўқув йилининг тўртинчи чорагида тажриба асосида фанни ўқитамиз. Бу муддатда ўқув дастурлари, дарсликлар, дарс соати таҳлил қилиб кўрилади. Ва тажриба натижалари асосида 13 соатлик таклиф ўзгариши мумкин.

7-11-синфлардан эса фанларнинг ўқитилиши доимий тартибда давом этади», – деди у.

Top