Ўзбекистон | 18:26 / 14.11.2020
18123
2 дақиқада ўқилади

«Бу жуда ҳам юқори кўрсаткич». Молия вазири ўринбосари ошиб кетаётган давлат харидлари ҳақида

Молия вазири ўринбосари Одил Исоқов жорий йил амалга оширилган давлат харидлари ҳақида маълумот берди. Тўғридан тўғри шартнома қилиш орқали олинган давлат харидлари 37 фоизни ташкил қиляпти. Молия вазири ўринбосари буни хавотирли ҳолат сифатида кўришини айтди.

7 ноябр куни ўтказилган коррупция масалаларига доир идоралараро йиғилишда Молия вазири ўринбосари Одил Исоқов давлат харидлари масаласига тўхталиб ўтди. У давлат харидлари — энг долзарб мавзулардан бири эканини таъкидлади.

2020 йилнинг 9 ойидаги статистика маълумотига кўра, жами 85 триллион сўмлик давлат харидлари амалга оширилган. Хусусан, бюджет буюртмачилари томонидан – 33 триллион, корпоратив буюртмачилар томонидан – 35,5 триллион, стратегик аҳамиятга эга хўжалик  жамиятлари ва корхоналари томонидан – 17,4 триллион сўмлик харид амалга оширилган.

Молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқовнинг маълум қилишича, тўғридан тўғри шартнома қилиш орқали олинган давлат харидлари 37 фоизни ташкил қиляпти.

«Бу жуда ҳам юқори кўрсаткич, афсуски. Мана шунинг устида яна кўпроқ ишлашимиз керак. Ҳозирги кунда «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига киритилган. Бу ҳозирда Олий Мажлис фракциялари тарафидан бевосита кўриб чиқиляпти», — деди у.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов давлат харидлари тизимида қонун талаби бузилаётгани, аммо бунга яраша жавобгарлик йўқлигини таъкидлаганди. Шу туфайли, қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси парламентга киритилган ва депутатлар томонидан қабул қилиниши кутилмоқда. Қонун лойиҳасидаги ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида Молия вазирлиги масъул ходими Kun.uz’га маълумот берганди.

Аввалроқ, Сурхондарё вилояти давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан амалга оширилган қарийб 3 млрд сўмлик давлат харидлари ҳақида маълумотлар тарқалди. Жумладан, Молия вазирлиги томонидан “Нексия-3” русумли хизмат автомашинаси сотиб олишга розилик берилганига қарамай, Сурхондарё вилояти Давлат солиқ бошқармаси томонидан 349 млн сўмга Equinox автомобилини харид қилган. Пандемия даврида ҳокимлик ва бюджет ташкилотлари томонидан қимматбаҳо автомобилларни харид қилиш ҳолатлари тез-тез учраб турибди.

 

Мавзуга оид