Ўзбекистон таълим тизимида ҳам 2021/22 ўқув йилидан бошлаб 1–6-синфларда табиий фанларни ўзида жамлаган «Табиий фан» (SCIENCE) жорий этилиши ҳақида хабар берилган эди.

Kun.uz мухбири мазкур мавзуга алоқадор саволларга жавоб олиш, янги фаннинг қай тартибда жорий этилиши ҳақида маълумот олиш учун Республика Таълим маркази директори ўринбосари Меҳринисо Пардаева билан боғланди.

«Табиий фан ўқувчига фанларни ўқиш қийин эмас, қизиқ бўлишига ёрдам беради...»

— Табиий фан (SCIENCE) амалга киритилишидан олдин халқаро амалиёт, Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган хусусий ва хорижий мактаблар тажрибаси ўрганилди.

Янги фан ўқувчиларни кичик ёшидан табиий фанларни ўқишга рағбатлантириш, уларда олам ҳақида яхлит тасаввур пайдо қилишга ёрдам беради. Бунинг билан бола табиий фанлар, жумладан физика ва кимё қийин эмас, қизиқ фанлар эканини англайди ва уни ўрганишга ўзида рағбат сезади.

Табиий фан (SCIENCE) қайсидир фандан воз кечиш ёки қайсидир фаннинг ўрнига жорий этилаётгани йўқ. Аксинча, у таълим сифатини ошириш учун мавжуд фанларни интегратив тарзда ўқитилишини таъминлайди.

Табиатда юз бераётган ҳодисаларни, масалан, ёмғир ҳодисасини ўрганиш жараёнида бола унинг таркиби (биологияга оид тушунчалар), физик хусусиятлари, қайси фаслларда ва қаерларда кўпроқ ёғиши (географик хусусияти), ёмғир таъсирида Ерда қандай ўзгаришлар бўлиши, ўсимликлар учун фойдаси ҳақида маълумотга эга бўлади.

Мазкур фан 1–2-синфларда «Атрофимиздаги олам», 3–4-синфларда табиатшунослик, 5–6-синфларда эса 3 та алоҳида фан – география, биология ва физика фанлари мазмунини ва кимё фанининг бошланғич тушунчаларини уйғунликда ўқитади. 7-синфдан бошлаб эса биология, география ва иқтисодиёт, физика, кимё фанлари алоҳида ўқитилади.

«Янги тартибнинг жорий қилиниши 5 йилгача муддатни олади»

— Табиий фан (SCIENCE) босқичма-босқич тарзда жорий қилинади. Биринчи босқич 2021/22 ўқув йилида 1–2-синфларда, кейин бошқа синфларда жорий қилинади.

Бу муддатда янги ўқув йили бошлангунга қадар 1–2-синф ўқитувчиларига мазкур фанни ўқитиш бўйича мақсадли малака ошириш курслари ташкил этилади ва келгусида фанни ўқитадиган мутахассис ўқитувчилар ҳам тайёрланади. Зарур бўлса, қайта тайёрлов курслари ташкил этилади.