Ўзбекистон | 15:28 / 20.11.2020
1588
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда касаба уюшмалари куни белгиланмоқда. Сенаторлар тегишли қонунни маъқуллади

Олий Мажлис Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмалари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Мажлисда янги қонун билан 11 ноябр – Касаба уюшмалари куни деб белгилангани маълум қилинди. Қонунда касаба уюшмалари ташкилотларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг самарали фаолият юритишини таъминлаш ва ташкилот фидойи ходимларини рағбатлантириш назарда тутилган. 

Айни пайтда федерация таркибига кирувчи 14та тармоқ касаба уюшмаси 32,5 мингдан зиёд бошланғич ташкилотларни бирлаштирган. 

Ташкилот аъзолари сони 5,5 миллионни ташкил этиб, улардан 2,5 миллиони аёллар ҳамда 2 миллиондан ортиғи 30 ёшгача бўлган ёшлардир.

“Касаба уюшмалари тўғрисида”ги  қонун билан ушбу тузилмаларга қўшимча ҳуқуқлар берилган. Касаба уюшмалари ижтимоий-иқтисодий дастурларни тузишда қатнашиш, бандлик, меҳнат муҳофазаси масалаларида ўзларининг фикрларини давлат органларига тақдимнома шаклида киритиш каби ҳуқуқларга эга.

Маълумот учун, айни дамда республикада қонун билан тасдиқланган 25та байрам белгиланган бўлиб, 9таси дам олиш кунлари, 16таси эса дам олмасдан нишонланадиган касб байрамларидир.

Бу каби байрамлар Австрия, АҚШ, Греция, Индонезия, Канада, Латвия, Сингапур, Франция, Хитой, Швейцария каби давлатларда, шунингдек, Қозоғистон, Қирғизистон каби МДҲ давлатларида нишонлаб келинмоқда.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид