2017 йили пойтахт марказида «Тошкент сити» қурилиши муносабати билан ҳудуддаги кўплаб бино-иншоотлар бузиб ташланган эди.

Kun.uz'га мурожаат қилган «Меҳнат Агрофирмаси» МЧЖ масъулларининг айтишича, уларга тегишли бўлган «Мармарис» ресторани ҳам «сити» қурилиши муносабати билан бузилган.

Корхона юристи Санжар Муҳаммаджоновнинг айтишича, ресторан 2017 йилда, Тошкентнинг ўша вақтдаги ҳокими Раҳмонбек Усмоновнинг шахсан ўзи ва прокуратура ходимлари келганидан сўнг, ҳокимият вакиллари томонидан ҳеч қандай тўлов берилмасдан бузиб ташланган. Фирма эса ресторан ичидаги мебеллар ва идиш-товоқларни олиб чиқишга улгурган, холос.

Фурқат кўчаси 2-уй манзилида жойлашган ресторан «Veritas» МЧЖ баҳоловчи ташкилоти томонидан 14 млрд 856 млн сўмга, етказилган зарар миқдори эса 2 млрд 377 млн сўмга баҳоланади.

Ресторан мулкдори етказилган зарарни қоплаб беришни сўраб, «Тошкент сити» дирекцияси, Шайхонтоҳур туман ҳокимлиги, Тошкент шаҳар ҳокимияти ва унинг ҳузуридаги Муниципал активларни бошқариш марказига мурожаатнома ва талабномалар беради.

Барча мурожаатлар эътиборсиз қолдирилгач, «Меҳнат Агрофирмаси» МЧЖ Тошкент туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритади. 2020 йил 8 июл куни суд жавобгар Тошкент шаҳар ҳокимияти ҳисобидан «Меҳнат Агрофирмаси» МЧЖ фойдасига 14 млрд 856 млн сўм компенсация тўлови ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқаради.

Эътиборли жиҳати шу кунга қадар шаҳар ҳокимлиги на қарордан норози бўлиб юқори инстанцияга шикоят киритган, на тадбиркорнинг пулини тўлаб берган.

«Меҳнат Агрофирмаси» МЧЖ юристи Санжар Муҳаммаджоновнинг айтишича, «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида» қонуннинг 30-моддасига мувофиқ, ижро ҳужжатининг талаблари ихтиёрий ижро этилиши учун белгиланган муддат [15 кун] тугагандан эътиборан кўпи билан 2 ой муддат ичида давлат ижрочиси томонидан амалга оширилиши ва ижро этилиши керак.

Лекин иш борасида 2020 йил 13 август куни суднинг ҳал қилув қарорини қабул қилиб олиб, ўша куни ижро ишини қўзғатиш бўйича қарор қабул қилган Мажбурий ижро бюроси Тошкент шаҳар Чилонзор тумани бўлими эса орадан 3 ой ўтган бўлса-да ундирувни таъминлаб бера олмаяпти.