11:51 / 25.11.2020
2145

2020 йилда Ўзбекистонда 22 трлн сўмлик қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш кутилмоқда

Ўзбекистон тадбиркорлик субъектлари ва корхоналари томонидан 2020 йилда 22 трлн сўмлик қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши кутилмоқда. Бу ҳақда АОКА анжуманлар залида бўлиб ўтган матбуот анжуманида «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси вакили маълум қилди.

Таъкидланишича, 2019-2020 йилларда “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси ҳузуридаги Қурилиш материаллари саноати илмий-техникавий кенгашига 10та йўналиш бўйича жами 42та инновацион лойиҳалар кўриб чиқиш учун тақдим этилган.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан эълон қилинган ва ўтказилган танлов натижаларига кўра умумий молиявий ҳажми 10,6 млрд. сўмлик 8 та инновацион лойиҳалар илмий-техникавий кенгашда ижобий баҳоланиб, молиялаштиришга тавсия этилган. Ушбу инновацион лойиҳалар орқали энергия тежамкор, атроф-муҳитга етказиладиган зарарни минималлаштирадиган, экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи янги турдаги қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга жорий этилмоқда.

Маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнларига илм-фан ютуқлари ва инновацион технологияларни кенг жорий қилинаётганлиги туфайли 2020 йилда 22 трлн. сўмлик (мисол учун, 2016 йилда 6,8 трлн сўмлик) маҳсулотлар ишлаб чиқариш кутилмоқда ёки 2016 йилга нисбатан ўсиш динамикаси 3,2 бараварни ташкил этади.

Хусусан: цемент – 14,5 млн тонна ёки 168 фоиз, қурилиш ойнаси – 23 млн кв м ёки 181 фоиз, керамик плитка – 41,5 млн кв м ёки 4,3 баравар, гипсокартон – 61 млн кв м ёки 2,1 баравар, обой (гулқоғоз) – 2 млн ўрам ёки 89 бараварга ошган.

Сифатли ва хавфсиз янги турдаги қурилиш материалларини ишлаб чиқаришга жорий қилиш мақсадида қурилиш материалларини ишлаб чиқариш бўйича 340 та халқаро стандартлар 2019 йилда қабул қилинди, 2020 йилда 542 та ва 2021 йилга 505 та халқаро стандартлар режага мувофиқ қабул қилинмоқда ҳамда бу билан бирга халқаро стандартлар билан уйғунлашув даражаси оширилмоқда.

“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси Матбуот хизмати

Top