Ўзбекистонда совуқ кунлар бошланиши билан Kun.uz таҳририятига свет-газ таъминотидаги муаммолар ҳақидаги мурожаатлар сони кескин кўпайди. Бугунги кунда сайтга телефон ва Telegram орқали бўлаётган шикоятларнинг энг катта қисмини айнан шу мавзудаги мурожаатлар ташкил этади.

– «2013 йилдан бери кўчамизда газ йўқ. Шу масалани ҳал этиш учун бормаган жойимиз қолмади. Кўчамиздаги 10-12та хонадонга суюлтирилган газ берилади, уни ҳаммаям ололмайди. Қолаверса, газ баллон билан уйни иситиб бўладими?! Қишнинг совуқ кунларида газ йўқлиги сабабли қийналяпмиз. Ҳеч бўлмаса болаларимга раҳм қилинглар, катталар!» — Сирдарё вилояти, Сирдарё тумани, Бахт шаҳри.

– «Табиий газдан маҳрум бўлганимизга 12 йилдан ошди. Энди суюлтирилган газ ҳам вақтида етказиб берилмаяпти» — Наманган вилояти, Уйчи тумани, «Деҳқонобод» МФЙ.

– «Ҳар куни свет ва газ бир вақтда ўчяпти. Масъуллар телефонларини кўтаришмаяпти. Кўтаришса ҳам юқоридан шундай буйруқ берилган дейишади. Тўғриси, бу ишлар жонга тегди. Туманда ўқув марказим бор. Свет-газ бўлмагани учун хоналар қоронғи ва совуқ. Дарс ўтишнинг имкони бўлмаяпти. Тадбиркорликни тўхтатиб турибмиз» — Бухоро вилояти, Когон тумани, Уйрот қишлоғи.

– «Маҳалламиздан катта газ қувури ўтган. Халқимиз 1997 йилгача газдан беминнат фойдаланиб келишган. Ўша пайтдаги маҳалла раиси гўёки: “Бизга табиий газ керакмас, кўмир ва суюлтирилган газ беринг”, деб юқорига ариза ёзганмиш. Шундан бери болаларимизнинг умри тезак териш билан ўтмоқда» — Сурхондарё вилояти, Шеробод тумани, «Боғиобод» маҳалласи.

– «Аҳолида газ йўқ, Ёш болалилар, қариялар, беморлар совуқда қийналмоқда. Чой 2 соатда қайнайди. Босим жуда паст, уйни иситишга ярамаяпти. Йўқса газдан қарзимиз йўқ, пулини вақтида тўлаб борамиз. Илтимос, ҳеч бўлмаса қишда газ беришсин!» — Фарғона вилояти, Фарғона шаҳри, «Ибрат» маҳалласи.

– «Ҳар куни соат 19:00да свет ўчади. Кечаси 00:00да ёнади. Ҳар куни шу аҳвол. Газдан умидни узганимизга 15 йил бўлди. Газ нималигини ҳам унутворганмиз. Ҳеч бўлмаса электрни узмай туришсин. Қишлоқда яшаймиз, қари ота-онам бор. Ўзимнимас, уларни ўйлаб мурожаат қиляпман. Электр пулини вақтида тўласак, нима муаммо, тушунмайман»