2021 йилги давлат бюджети лойиҳасига кўра, 2021 йилда Давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш бўйича жамғармага 150 млрд сўм ажратилиши кутилмоқда.
«Снос»лар кўламидан келиб чиқилса, бу миқдор жуда ҳам кам, деб ҳисоблайди депутат Расул Кушербаев. У ЎзЛиДеП фракцияси йиғилишида молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаровга шу ҳақда савол берди.
«Бу сумма қаёқдан келиб чиқди? Амалдаги реал эҳтиёжга қараганда жуда ҳам кам сумма қўйилган.
Масалан, Тошкент вилоятининг битта туманини биламан, шу туманнинг ўзида асосан тадбиркорлардан 100 млрд сўм атрофида қарздорлик бор. Пуллар ҳалигача қоплаб берилмаган. Жойини бузишга бузиб ташлаб, ҳалиям ётибди... Бу ердаги рақам республика бўйича 2 ёки 3 та туманни қоплайди холос.
Ҳокимиятлар билан қанчадан бери жанжаллашамиз, «пулимиз йўқ» деяпти. Лекин жойини бузиб бўлган, нима қилса қилган.
Бу рақам қаердан келиб чиқди? Демак, бундан кўриниб турибдики, келаси йил давомида ҳам тадбиркорлар олдидаги қарзимизни уза олмас эканмиз-да? У ерда оддий фуқаролар ҳам бор. Бу [йўналишга ажратиладиган маблағ] аслида қанчадир триллион бўлиши керак», – деди Расул Кушербаев.
Бунга жавобан, молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров 150 млрд сўм «бюджетнинг имкониятидан келиб чиқиб қўйилгани»ни айтди.
«Янги тартиб ишлаб чиқилди. Янги тартибга кўра, бузилишдан олдин рухсат олинади, етарли маблағ бор бўлса, кейин бузилади. Шундан келиб чиқиб, бюджетнинг имкониятидан келиб чиқиб, 150 млрд маблағ қўйганмиз бу йўналишга», – деди у.
Узундаги мантиқсиз «снос»лар: ғазнада маблағ бўлмай туриб, юздан ортиқ объект бузилган














