Ўзбекистон | 14:45 / 02.12.2020
12662
2 дақиқада ўқилади

Ортиқча ҳужжат талаб қилган 10га яқин ОТМга интизомий жазо чоралари кўрилди - Адлия вазирлиги

Таъкидланишича, айрим олий таълим муассасалари замон талабларига жавоб бермайдиган, эскирган усулларда ишлашда давом этмоқда. Хусусан, ҳужжатларни расмийлаштириш борасида ортиқча бюрократик тўсиқлар ҳамон учраб турибди.

Адлия органлари томонидан Самарқанд вилояти мисолида сўров орқали ўтказилган ўрганиш натижаларига кўра, фуқаролардан талаб қилиш тақиқланган ҳужжатлар олингани, қонун ҳужжатлари билан белгиланган талабларга зид равишда расмий ҳужжатларнинг нусхалари талаб қилингани ва бошқа бюрократик тўсиқлар мавжудлиги аниқланган.

«Сўнгги йилларда олий таълим тизимини модернизация қилиш, қабул жараёнларига замонавий технологияларни жорий этиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Шунга қарамасдан, айрим олий таълим муассасалари катта ҳаётга йўл олаётган абитуриентлардан ортиқча ҳужжат сўраш ҳамда замон талабларига тўғри келмайдиган қўшимча талаблар ўрнатиш орқали эскирган усулларда ишлашда давом этишмоқда.

Мисол учун, Самарқанд давлат чет тиллар университети абитуриентлардан фуқаролик паспортидан нусха, солиқ тўловчининг ҳисобга қўйилгани тўғрисида гувоҳнома, жисмоний шахснинг жамғариб бориладиган пенсия тизимига қўйилгани тўғрисида маълумотнома каби ҳужжатларни тақдим этишни асоссиз равишда талаб қилган.

Олий таълим муассасаси қабул комиссияси абитуриент ҳақидаги зарур маълумотларни Давлат тест марказининг махсус дастурига киритиб, абитуриентга асл ҳужжатларни қайтариши назарда тутилган.

Шунга асосан, Адлия вазирлиги томонидан олий таълим муассасалари томонидан ортиқча бюрократик ғов ва тўсиқларга барҳам бериш бўйича Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига тегишли тақдимнома киритилди.

Шунингдек, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан мазкур қонун ҳужжатлари бузилишининг олдини олиш ва бартараф қилишга қаратилган чора-тадбирлар белгилаб олинди», дейилади вазирлик хабарида.

Маълум қилинишича, абитуриентлардан ортиқча ҳужжат талаб қилган 10га яқин ОТМнинг раҳбар-ходимларига турли интизомий жазо чоралари кўрилган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид