Ўзбекистон | 10:30 / 11.12.2020
3762
2 дақиқада ўқилади

Маданият вазирлиги «Дошқинжон бобо зиёратгоҳи» олдидаги қурилиш лойиҳасини қайта кўриб чиқади

Урганчдаги ягона тарихий обида - «Дошқинжон бобо зиёратгоҳи» олдидаги қурилиш лойиҳаси Маданият вазирлиги Маданий мерос департаменти ишчи гуруҳи томонидан қайта кўриб чиқилади.

Маданият вазирлиги Маданий мерос департаменти «Урганчдаги ягона тарихий обида яна хавф остида. Маданият вазирлиги унинг олдидаги қурилиш лойиҳасини маъқуллаган» сарлавҳали мақолага муносабат билдириб, ушбу лойиҳа илмий кенгашда қайта кўриб чиқилишини маълум қилди.

«Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш Бош бошқармаси қошидаги Илмий-методик кенгаши 2019 йил 22 февралдаги 21-сонли йиғилиш баённомасининг 29-бандига асосан "Дошқинжон бобо" мажмуаси маданий мерос объекти биносининг шимолий-шарқ томонидан қурилиш режалаштирилган китоб дўкони, бино баландлигини ер сатҳидан олти метрдан оширмаслик ва Хоразм меъморчилик мактаби анъаналарини инобатга олган ҳолда амалга ошириш шарти билан маъқуллансин, деб хулоса қилинган ва Бош бошқарма бошлиғи комиссия раиси А.Иргашев томонидан лойиҳа таклифи имзоланиб, тасдиқланган.

Мазкур масалага янада чуқурроқ ойдинлик киритиш мақсадида Маданий мерос Департаменти томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, ҳолат жойида ўрганилади. Ўрганиш натижасига кўра Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 мартдаги 265-сонли қарорига асосан Илмий-эксперт кенгашида лойиҳа таклифини қайта кўриб чиқиш режалаштирилмоқда», — дейилади баёнотда.

Маданият вазирлиги жамоатчиликнинг диққат марказида бўлиб турган мазкур масалани ўрганишда оммавий ахборот воситалари, жумладан Kun.uz мухбирининг иштирокини ҳам таъминлайди деган умиддамиз.

Дилшод Абдуқодиров
Тайёрлаган Дилшод Абдуқодиров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид