Сенат аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, ҳудудий студиялардан масъул ҳокимлар ва уларнинг ўринбосарлари ҳамда мутасадди ташкилотлар раҳбарлари иштирок этган мажлисда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ ҳамда кўмир билан таъминлаш ҳолатини ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.
Йиғилишда қайд этилишича, 2020 йилда жами электр энергияси ресурслари 71,1 млрд. кВт соат, шундан ишлаб чиқариш 65,9 млрд. кВт соат импорт 5,2 млрд. кВт соатни ташкил қилган. Жорий йил охиригача табиий газ иқтисодиёт тармоқларига 28,4 млрд. куб метр, аҳолига 11,4 млрд. куб метр газ етказиб берилиши, шунингдек, суюлтирилган газ ҳажми 543,4 минг тоннага етказилиши режалаштирилган.
«Ривожланган давлатларни кўрадиган бўлсак, Германияда газ йўқ (газ конлари – таҳр.), Японияда газ йўқ, Кореяда ҳам газ йўқ. Нима учун ўша чет эл давлатларида яхши етказиб беради, деяпсиз. Чунки биринчидан инфратузилма бор, бозор иқтисодиётига биздан анча аввал ўтган. Масалан, Англияда, адашмасам, 1918 йилдан газлар биржада сотилади.

Халқаро молия институтлари билан ишлаяпмиз, тўғрисини айтишимиз керак, тарифларимиз субсидия қилинган. Жаҳон бозорида газнинг минг куби 150 доллардан сотилаётган ҳозирги пайтда аҳолига бу ҳажмдаги газни ўттиз саккиз доллардан (1 куби 3,8 цент) етказиб беряпмиз. Яна бир муаммо бор, буларни ўз вақтида молиялаштириш», дея Беҳзод Норматовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири (Видеода вазир ўринбосари адашиб ўттиз саккиз цент деб юборган — таҳр.).
Сенат раиси унинг сўзларини бўлиб, аниқроқ жавоб беришини, одамларнинг қийналмаслиги учун қанча муддат кераклигини сўради.
«Мана, ҳозирда қисқа муддатли чораларни кўрадиган бўлсак, балансни ҳисоблаётганимизда кейинги йилга аҳолига 1,6 млрд куб метр газ етказиб беришни мўлжалладик. Битта қисқа рақамни айтаман - кунлик режа аввалги йилга нисбатан 21 млн куб метр [кўп], олдинги йил 9 декабр куни 83,3 млн куб метр газ етказиб берилган бўлса, бу йил шу куни 104,7 [куб метр газ] етказиб берилди. Шунда ҳам етмаяпти. Бу дегани газ етказиб беришда эмас, тизимли муаммолар мавжуд дегани», деган вазир ўринбосари.
Норматов вазирлик томонидан айни пайтда ушбу муаммоларни ҳал қилиш устида иш олиб борилаётганини таъкидлаган. У бу йил электр энергияси олдинги йилга нисбатан 26 млн киловатт/соат кўпроқ (кунига) етказиб берилаётгани, лекин шунда ҳам етмаётганини таъкидлаган.















