Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев мамлакатда Ренессанс – уйғониш даври замирида ётувчи асосий омилларни санаб ўтди.
«Биринчидан, инсоният кўрган барча Ренессансларга бирдек хос бўлган хусусият – антропоцентризмдир. Уйғониш даврларининг барчасида фан, таълим ва маданият гуманистик ғояларга таянган ҳолда дунёвий характерга, рационал мазмунга эга бўлган. Илмий изланишлар, маданият ва фанда Ҳазрати Инсон, унинг ҳаёти ва фаолияти, фикр ва ҳиссиётлари, муаммолари, умидлари гавдалантирилган. Ренессанс инсон эҳтиёжлари, эркинликлари ва ҳуқуқларини таъминлашдан бошланади.
Иккинчидан, Марказий Осиёдаги биринчи Ренессанс маърифатпарвар Ислом дини гуллаган даврга тўғри келади. Ўша пайтда фан ва санъатнинг мислсиз юксалиши маърифатга ихлос қўйиш, фанга топиниш билан боғлиқ. Зеро, «Алақ» сурасининг биринчи оятидаёқ «Ўқинг. Сизни деб Парвардигорингиз инсониятга қаламни ўргатди. У ўта карамли Зотдир», дейилади.
Ренессанснинг учинчи омили ўша давр жамиятида юқори иқтидорли, илмга интилган, эркин фикр юритувчи, давлат томонидан эъзозланган ва рағбатлантирилган шахслар яшагани билан боғлиқ. Фан ва инновация ҳар бир Ренессанснинг пойдеворидир. Бугун инновация хоҳишга боғлиқ ихтиёрий қарор эмас. Инновация бу – зарурат, давр талаби.
Тўртинчидан, жамиятда эркин фикр юритиш муҳити мавжуд бўлган. Илмий ва маданий асарлар жўшқин интеллектуал ҳаёт, кескин баҳслар ҳосиласидир. Ибн Сино, Беруний каби алломалар илмий ҳамжамият олдида энг қалтис саволларни беришдан ҳайиқишмаган. Ортодоксал қатламлар билан баҳслаша олишган. Зеро, Ренессанс ғоялар хилма-хиллигини талаб қилади.
Уйғониш даврининг шаклланишига таъсир кўрсатган яна бир омил – дунёга очиқлик, ташқи алоқаларнинг кенг қамровлигидир. Йирик макроминтақада муштарак маданиятлар, гуманитар макон вужудга келган. Буюк ипак йўлидаги савдо алоқалари нафақат товар, балки маданиятлар ва фикр алмашинувида ҳам муҳим рол ўйнаган», – деди Сафоев Ўзбекистон маданий мерос ҳафталиги доирасида ўтказилган «Ўзбекистон маданий бойлиги – янги Ренессанс пойдевори» номли IV Халқаро конгрессдаги нутқида.


















