Ўзбекистон Республикасида фуқаролик паспорти ўрнига ID-карта кўринишидаги шахсни тасдиқловчи ҳужжат бериш бошланади. Бунда фуқароларнинг биометрик паспортларини ID-карталарга алмаштириш 2022 йил 31 декабргача ихтиёрийлик асосида, 2023 йил 1 январдан 2030 йил 31 декабргача мажбурий тартибда амалга оширилади. 2011 йилги намунадаги биометрик паспорт 2031 йил 1 январдан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Ўзбекистон фуқаролари хорижга фақат «қизил паспорт» билан чиқиши мумкин бўлади.

Фуқаролар вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга туриш юзасидан ўзларига қулай бўлган туман (шаҳар) ички ишлар органлари ёки Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилишлари мумкин бўлади.

Видеокузатув ва тасвирга олиш техника воситалари ҳамда мобил қурилмалар орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари акс этган видеоёзувлар махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган видеоёзувларга тенглаштирилади ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

Давлат ташкилотлари томонидан давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдамини тақдим этишда фуқаролардан 11 турдаги ҳужжатларни талаб этиш тўхтатилади.

Фойдаланиш муддати 15 йилдан ортиқ бўлган автобусларда йўловчиларни ташиш тақиқланади.

Жисмоний шахсларга тегишли енгил автотранспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тадбиркорлик субъектлари (юридик шахслар) томонидан амалга оширилиши мумкинлигига оид ҳужжат кучга киради.

Босқичма-босқич равишда мажбурий тиббий суғурталаш тизими жорий этилади.