Ўзбекистонда 18–30 ёш оралиғидаги хотин-қизларни – улар ОТМни тугатганми-йўқ, бу аҳамиятсиз – иш берувчилар унчалик ҳам хуш кўрмайди.

Сабаби оддий: улар яқин орада фарзандли бўлса, барибир ҳомиладорлик ва туғуруқ, ундан кейин бола парваришлаш таътилига кетишади. Бундай ходимга эса ҳомиладорлик ва туғиш ҳамда бола парваришлаш таътили учун нафақа тўлашга тўғри келади. Яна янги ходим топиш масаласи кўндаланг бўлади.

Давлат ташкилотларида ишлайдиган хотин-қизлар учун бюджетдан ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа пуллари ажратилади. Лекин хусусий секторда ишлайдиган хотин-қизларга «декрет пули» иш берувчи зиммасига юклатилган. Бу эса ходимга «декрет пули» бериш раҳбарнинг инсофига боғлиқ бўлиб қолишини англатади.

Меҳнат қонунчилигини яхши тушунган ва ҳурмат қилган раҳбарлар ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини беришдан қизғанмайди, лекин бундай бўлмаган иш берувчилар йўқ деб ҳеч ким айта олмайди.

9 ёшгача болаларнинг 30 фоизи камбағал оилаларда яшайди — ЮНИСЕФ

ЮНИСЕФ 2020 йилда эълон қилган ҳисоботида таъкидлайди: онага нафақа тўлаш масъулияти иш берувчига юкланиши – репродуктив ёшдаги аёлларни ишга ёллашга тўсқинлик қилади ва нафақат шу аёлларнинг, балки умуман ёш оилаларнинг заифлигини оширади.

Халқаро ташкилот таҳлилларига кўра, Ўзбекистонда 9 ёшгача бўлган болаларнинг тахминан 30 фоизи ва 10 ёшдан 14 ёшгача бўлган болаларнинг 24 фоизи аҳолининг энг камбағал қатламларига мансуб оилаларда яшайди.

Демакки, ёш оилаларда онанинг фарзанд тарбияси билан шуғулланиши ва бу муддатда даромадсиз қолиши оиланинг моддий жиҳатига ҳам таъсир қилади.

Бюджет ташкилотларида «декрет пули» – ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа қанча?

Молия вазирлиги тақдим этган маълумотга кўра, 2019 йилда бюджет ташкилотларида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўланган ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақалар бир ходимга ўртача 4,5 миллион сўмдан тўғри келган.

Жами 111 513 нафар ходимга 507,9 млрд сўм ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақалар тўланган.

2020 йилнинг 10 ойида эса 106 355 нафар ходимга 507,2 млрд сўм тўлаб берилган. Бу йил бир ходимга ўртача 4,8 млн сўм тўғри келган