Ўзбекистон | 13:48 / 08.01.2021
24154
2 дақиқада ўқилади

Талимаржон ИЭСдаги иккита энергоблок яна ўчиб қолди. Вилоятдаги 8 ҳудуд электр таъминотидан тўлиқ узилган

Қашқадарё вилоятининг айрим ҳудудларида электр таъминотида узилишилар кузатилмоқда. Бу ҳақда “Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари” АЖ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, бугун, 8 январь куни, Талимаржон иссиқлик электр станциясидаги ҳар бирининг қуввати 450 МВт бўлган иккита энергоблок яна ўчиб қолган. Шу сабабли Қашқадарё вилоятининг айрим ҳудудлари электр таъминотида узилишлар кузатилмоқда.

Шаҳрисабз шаҳри, Қамаши, Яккабоғ, Шаҳрисабз, Китоб, Чироқчи, Ғузор, Нишон туманлари электр таъминотида тўлиқ узилиш кузатилаётгани айтилган.

Энергетика вазирлиги матбуот хизмати эълон қилган хабарда айтилишича, соат 10:27да ва 10:31да Талимаржон ИЭСнинг 2- ва 3-буғ-газ қурилмаларида (жами 900 МВт қувват) энергоблок технологик ҳимоясининг ишлаши натижасида ушбу БГҚлари фаолияти тўхтатилган. 

Бунинг натижасида, республиканинг айрим ҳудудлари бўйлаб электр энергияси таъминотида умумий 446 МВт қувватда чеклов киритилмоқда. Энергетика вазири Алишер Султонов бошчилигидаги мутахассислар мазкур станцияга учиб кетган.

Ҳозирги вақтда юзага келган тўхтатилиш сабаблари аниқланмоқда, дейилади вазирлик хабарида.

Аввалроқ, Энергетика вазирлиги электр энергиясида кузатилаётган узилишлар бўйича баёнот берганди. Марказий Осиё ва Қозоғистонни боғловчи ягона энергетик тизимининг электр узатиш тармоқларида режадан ташқари содир бўлган узилишлар сабабли аварияга қарши автоматика ишлаган.

Энергетик қурилмаларга шикаст етмаслик учун ускунанинг технологик ҳимояси автоматик равишда ишлаган ва айрим электр станциялардаги энергоблоклар ўчирилган. Хусусан, Тўрақўрғон ИЭСда қуввати 750 МВт дан 500 МВт гача, Тахиатош ИЭСда 280 МВт дан 150 МВт гача, Навоий ИЭСда 450 МВт дан 230 МВт гача ва Тошкент ИЭСда 370 МВт дан 180 МВт гача қувват камайган. Талимаржон ИЭСнинг умумий қуввати 900 МВт бўлган иккита БГҚлари ўчирилган.

Мавзуга оид