Россия Федерациясига қуритилган маҳсулотларнинг экспортида қўшимча талаб киритилди
Россияга қуритилган маҳсулотларни экспорт қилувчилар мажбурий равишда корхона номи ва манзили, маҳсулот маркировкасини кўрсатиши шарт. Аввалроқ, Россияга помидор, қуритилган мева ва қалампир эскпортига қўйилган тақиқлар юмшатилганди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси матбуот котиби Дурдона Очилова Россия Федерациясига қуритилган маҳсулотларнинг экспорт жараёнида қўшимча талаблар жорий этилгани ҳақида маълумот берди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.
Унга кўра, фитосанитария сертификатларида мажбурий равишда «қўшимча декларация» устуни бўлиб, унда маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхонанинг номи ва манзили, шунингдек, маҳсулот маркировкаси ҳам кўрсатилади.
«Шунингдек, республиканинг Фарғона вилоятидан экспорт қилинувчи қуритилган мева маҳсулотларининг ҳар бир партияси учун дастлабки электрон хабарнома ҳамда маҳсулотнинг фитосанитар хавфсизлигини тасдиқловчи лаборатория текширув хулосалари илова қилинади», – дейди Очилова.
Россиянинг Ветеринария ва фитосанитария бўйича федерал хизмати 2021 йил 1 январдан бошлаб, Ўзбекистон ҳукумати ҳузуридаги «Ўздавкарантин» инспекцияси кафолати остидаги 34 та компанияга помидорларни Россияга экспорт қилишга розилик берганди.
Таъкидланишича, Ўзбекистон томони 34 та корхона маҳсулотлари «Tomato brown rugose fruit virus», яъни помидорнинг жигарранг буришиш вирусидан холи эканини тасдиқлагандан сўнг, «Россельхознадзор» тақиқларни юмшатган.
«Россельхознадзор» 2020 йил 18 декабрдан бошлаб Фарғона вилоятида жойлашган 7 та корхонадан помидор ва қалампир маҳсулотларида ҳам помидор жигарранг бужмайиши вируси аниқланмаганлиги туфайли ушбу корхоналардан Россия ҳудудига мазкур маҳсулотларни олиб киришга рухсат берганди.
Шунингдек, Ўзбекистонда ишлаб чиқилган чорвачилик маҳсулотлари, хусусан, термик ишловдан ўтган тайёр гўшт ва сут маҳсулотлари ҳамда хомашёларининг Россияга экспорти учун йўл очилди.
Аввалроқ, «Россельхознадзор» расмий веб-сайтида Ўзбекистоннинг «Sunny land export» компанияси томонидан экспорт қилинган маҳсулот таркибида «Tomato brown rugose fruit virus» аниқлангани важи билан Навоий ва Қашқадарёдан помидор импортига тақиқ жорий этганди.
Бундан ташқари, Фарғона вилоятидан экспорт қилинган булғор қалампири ва помидор таркибида зараркунанда топилгани важи билан ушбу ҳудуддан айни маҳсулотларни импорт қилишга тақиқ қўйилганди.
Мавзуга оид
08:36
АҚШ Ҳелсинки комиссияси Россияда номақбул деб тан олинди
00:31
Apple ўзининг онлайн дўконидан мустақил ОАВ иловаларини ўчириб ташлаётганига изоҳ берди
22:47 / 25.12.2024
Путин яна “тарихий ҳудудлар” ҳақида гапирди. У қаерларни айтяпти?
22:30 / 25.12.2024