Ўзбекистон | 11:09 / 11.01.2021
10871
2 дақиқада ўқилади

«Тожикистон Роғун ГЭС қурилиши учун дўстона ва қардош мамлакатлардан сармоялар жалб қилишдан манфаатдор» – Имомали Раҳмон

Тожикистон президенти Роғун ГЭС қурилишида хорижий сармоя жалб этишга умид боғлаган. Кейинги икки йилда иншоотни қуриш учун зарур бўлган умумий маблағ тахминан 1,1 миллиард долларни ташкил этади.

Фото: Тожикистон президенти матбуот хизмати

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Қатарнинг «Аш-Шарқ» газетасига берган интервьюсида гидроэнергетика соҳасидаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари ҳақида тўхталди.

«Ушбу иншоот Тожикистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишидаги муҳим омил бўлиб, қайта тикланадиган манбалардан тоза энергия ишлаб чиқариш нуқтайи назаридан минтақавий аҳамиятга эга», – деди президент.

Президент Раҳмон ушбу станциянинг олтита гидроэлектр блокларидан иккитаси ҳозиргача фойдаланишга топширилганини айтган.

«Тожикистон ҳукумати ушбу лойиҳани амалга ошириш учун дўст ва қардош мамлакатлардан сармояларни жалб қилишдан манфаатдор», – дея таъкидлаган Тожикистон етакчиси.

Мамлакат президенти, уч ой олдин Роғун ГЭС қурувчилари билан учрашувда, тегишли ишчи гуруҳ 2021 йилда Роғун ГEС қурилишини молиялаштириш манбаларини топиш бўйича аниқ чоралар кўришини маълум қилганди.

Унга кўра, ўтган йили Роғун қурилиши бир қисмини якунлаш учун давлат бюджетидан 3 миллиард сомоний ажратилган. 2021 йилги Давлат бюджетидан ушбу гидроэлектростанция қурилишини молиялаштириш учун 2,1 миллиард сомоний ажратилиши режалаштирилган.

Ҳукумат томонидан тасдиқланган жадвалга биноан, 2020-2022 йилларда Роғун ГЭСда яна қурилиш учун зарур бўлган умумий маблағ тахминан 1,1 миллиард долларни ташкил этади.

Маълумот учун, 2008 йилдан буён Роғуннинг қурилишига бюджет маблағлари ҳисобидан 25,3 миллиард сомонийдан кўпроқ маблағ сарфланганлиги айтилганди. Бундан ташқари, 2010 йилда Роғун ГЭС акциялари чиқарилиб корхоналар ва аҳолига сотилиши натижасида 800 миллион сомоний қурилишга жалб қилинганди. 2018 йил ноябр ва 2019 йил сентябр ойларида Роғун ГEСнинг иккита гидроэлектр блоги ишга туширилди, улар 2020 йил сентябргача 1,7 миллиард киловатт-соатдан ортиқ электр энергиясини ишлаб чиқарган. Роғун ГЭС турбиналар залида ҳар бирининг қуввати 600 МВт бўлган олтита агрегатни ўрнатиш режалаштирилган. Иншоот 2033 йилгача тўлиқ қуриб битказилиши кутилмоқда.

Мавзуга оид