Ўзбекистондаги ОТМлар турар жойга талабгор талабаларнинг 27 фоизини ётоқхона билан таъминлай олади холос.
Турар жойга муҳтож ҳар 10 нафар талабадан 7 нафари ўзи учун бошпана топишга мажбур.
Айни кунларда талабалар пойтахтга қайтмоқда. «Квартира» бозорида талаб бирданига ошган, шунга яраша нарх ҳам кўтарилган.
Боз устига, аксарият уй эгалари талабаларни ижарага қўйишни истамайди. Улар кўп ҳолларда уйини қонуний никоҳдан ўтган оилага ижарага беришни маъқул кўради.
Kun.uz мухбири талабаларнинг турар жойи муаммосини ўрганиш учун Тошкентдаги уй бозорида талабалар, маклерлар ва уй эгалари билан суҳбатлашди. Муаммо ечими юзасидан эса масъулларга мурожаат қилди.
Уй бозорида сарсон студентлар
«Чилонзор» метро бекати яқинидаги уй бозори шу кунларда талабалар билан гавжум. Уларнинг кўпчилиги бу ерга биринчи марта келиши эмас.
Улардан ишлар қалай деб сўрасангиз, аксарияти бир хил жавоб беради: «Студентларни қўймаймиз дейишяпти», «Нархлар ошиб кетибди».
Маклерлардан бирининг айтишича, уй эгалари доим талабалардан нолийди: «Квартира пулини вақтида тўламайди», «Уйнинг тозалигига беэътибор», «Келишилгандан кўп одамни уйга олиб келади» ва ҳоказо.

«Уй эгалари кўпинча оила сўрашади. Талабалар тозаликка риоя қилмаслиги, уйга нотаниш одамларни олиб келишидан шикоят қилишади. Талабалар аксарият ҳолларда уй эгасининг ишончини йўқотган, коммунал тўловларни вақтида тўламаган», – дейди маклер.
«Кечирасиз-у, талабалар 3–4 киши турамиз дейди-да, 8–10 киши бўлиб кетади. Ҳаммаёқни чирк бостириб юборади», – дейди уй эгаларидан бири.
«Уйни яхши сақламайдиган, бетартиб талабалар касрига ораста яшовчи кўплаб талабалар уй тополмай сарсон бўляпти», – деди уй излаётган талаба.
Ижарага квартира йўқ эмас, бор, лекин нархи...
Маълум бўлишича, ҳозир Тошкент шаҳридан 1 хонали ижара уйларни ҳамёнбоп нархда топишнинг деярли имкони йўқ.










