Жаҳон | 12:31 / 12.01.2021
55054
2 дақиқада ўқилади

Туркияда Ҳорун Яҳё номи билан танилган воиз 1075 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Ҳорун Яҳё исми билан танилган 64 ёшли Аднан Октар Истанбул суди томонидан 1075 йил ва 3 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Фото: Daily Sabah

“Анадолу” нашрининг хабар беришича, у билан бирга яна 236 киши судга тортилган. Аднан ва унинг атрофидаги шахслар болаларни олиб қочиш, шантаж, сиёсий ва ҳарбий жосуслик, диний эътиқодни суиистеъмол қилиш, жиноий даромадларни легаллаштириш, фирибгарлик, номусга тегиш ва вояга етмаганлар билан жинсий алоқа қилиш, шахсий ҳаётга дахлсизлик, ҳужжатларни сохталаштириш каби 10дан ортиқ алоҳида жиноятлар билан айбланган.

Октаннинг ёрдамчиларидан бири Таркан Явас 211 йилга, Октар Бабуна эса 186 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Жиноий гуруҳнинг қолган аъзоларига нисбатан суд жараёнлари давом этмоқда.

Ҳорун Яҳё исми билан танилган Аднан Октар диний мавзудаги бир қатор китоблар муаллифидир, китоблари турли тилларга таржима қилинган. Кўрсатувларини интернет орқали намойиш этиб келган, кўрсатувларидаги ҳаёсизликлар сабаб танқид қилинган.

Туркия полициясининг молиявий жиноятларга қарши кураш бўлими Аднан Октар ва 200дан ортиқ у билан алоқадор шахсларни 2018 йилда ҳибсга олган эди.

Мавзуга оид