Профессор Kun.uz'га тақдим этган мақоласида соҳадаги муаммолар ечими юзасидан ўз таклифларини илгари суради.

1. Талабаларга эркинлик бериш керак. Улардан давомат ва форма талаб қилиш амалиётини бекор қилиш зарур

Бугунги кунда таълим сифати эмас, дарсда қатнашиш мажбурияти биринчи ўринга чиқариб қўйилган.

Бу – салоҳиятсиз ўқитувчиларнинг ўз устида ишламасликларига, талабаларнинг вақтларини бесамар ўтказишларига сабаб бўлмоқда. Бир хил форма талабалар зеҳнияти ўсишига ҳам салбий таъсир қилади ва кийиниш масаласи, арзимаса-да, маънавиятнинг бош муаммосига айланиб қолмоқда.

2. ОТМ профессор-ўқитувчиларига эркинлик бериш керак

Аёнки, аксарият ОТМларда профессор-ўқитувчилар, ҳатто докторантлар учун ҳам, соат 8–9дан 17гача ишхонада бўлишдек ноқонуний талаб ҳануз сақланиб қолмоқда.

Ваҳоланки, ОТМ профессор-ўқитувчилари қонунан вақтбай эмас, ишбай шаклида фаолият кўрсатишади. Бу уларнинг ўз устида ишлашларига салбий таъсир қилмоқда.

Докторантларнинг ишхонада кун ўтказиши уларнинг илмий режаларини бажаришларига монелик қилади. Эркинлик дарсни ташкил этиш масалаларини ҳам қамраб олиши керак.

3. Олий таълимда ортиқча қоғозбозликдан воз кечиб, рақамли бошқарув тизимини такомиллаштириш керак

Ортиқча қоғозбозлик ишнинг кўлами ва сифатини «хаспўшлаб», ходимларни ва муассасаларни ишлаётгандек кўрсатишгагина хизмат қилмоқда.

Раҳбарлар ва профессор-ўқитувчилар қоғозбозликка ўралашиб қолиб, ўзларини ҳам, жамиятни ҳам алдашмоқда.

Ўқитувчилар бир белгини 4–5 турдаги қоғозда акс эттиришга мажбур бўлишмоқда. Масалан, дарс мавзуси электрон журналда, moodle платформасида, гуруҳ журналида, календарь режада акс эттирилади. Баъзан кафедра журналида ҳам қайд этиш талаб қилинади. Айнан дарс жараёнида талабаларни баҳолашда электрон журнал билан ишлаш учун шароит яратилиши лозим.

4. ОТМ профессор-ўқитувчиларини давлат мукофотларига тавсия этиш тизимини яратиш зарур

Олий таълим профессор-ўқитувчилари давлат мукофотларига негадир мактаб ўқитувчиларига қараганда камроқ тавсия этилади. Ҳолбуки, улар орасида фидойи устозлар жуда кўп.

Бугунги кунда тавсиялар фақат «раҳбариятга маъқуллик» мезони асосида олиб борилмоқда. Профессор-ўқитувчининг илмий, педагогик салоҳияти, устозлик мартабаси камдан-кам ҳолларда инобатга олинади.