ЮНИСЕФ Ўзбекистон ҳукуматининг мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларида анъанавий таълимга қайтиш бўйича қарорини қўллаб-қувватлаб, хавфсизлик қоидаларига амал қилишга чақирди.
Ташкилот таҳлилларига кўра, карантин даврида ҳукумат масофавий таълим бўйича яхши дастурни таклиф қилди. Аммо шунга қарамай, ўқувчиларнинг тахминан 10 фоизи турли сабабларга кўра масофавий таълим билан қамраб олинмаган. Бундан ташқари, масофавий таълимнинг самарадорлигини баҳолаш ҳам жуда қийин бўлган.
Шу боис ташкилот мактаб ва боғчаларнинг анъанавий таълим шаклига ўтганини қўллаб-қувватламоқда.
«Таълимдаги йўқотишларни тиклаб олиш жуда ҳам муҳим. Шунинг учун Ўзбекистон ҳукуматининг болаларни мактабга қайтариш ҳақидаги қарорини маъқуллаймиз. COVID-19'нинг болалар таълимига ва психологик-ижтимоий ҳолатига таъсири катта бўлди. Шу нуқтайи назардан, ота-оналар фарзандларини мактабга юбориш имкониятларини кўриб чиқишлари керак», – дейди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде.
«Мамлакат яна бир изоляцияни бошдан кечиришига тўғри келган тақдирда, ҳукумат чекловларни бекор қилишни бошлаганда мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари биринчилардан бўлиб очилиши лозим. Масофавий таҳсил ололмаган ўқувчилар четда қолиб кетмаслиги керак.
Ўзбекистон болалари мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларининг яна бир йил ёпилишини бошдан кечиришларига йўл қўйиб бўлмайди. Бунинг оқибатлари шаклланиб келаётган авлодга, айниқса фаровонлик даражаси кам бўлган жойларда истиқомат қилувчи ва рақамли тенгсизликни ўзида ҳис қилувчилар ҳаётига катта таъсир кўрсатади.
COVID-19'нинг янги тўлқини таълим узлуксизлигига таъсир кўрсатмаслиги учун рақамли тенгсизликка барҳам бериш, таълимнинг муқобил вариантларини кўриб чиқиш ва хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш лозим», – дейилади ташкилот пресс-релизида.








