Ўзбекистон пахта далаларида мажбурий меҳнатга барҳам бериш мақсадида ташкил этилган Cotton Campaign ҳамасосчиси Bennett Freeman ишонч билдиришича, мамлакат ҳукумати пахта етиштириш соҳасида мажбурий меҳнатни йўқотиш бўйича мамлакат ҳукуматининг қатъияти мустаҳкам ва ўзгармас бўлиб қолади. Фриман Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида ташкил этилган «Муносиб меҳнат орқали барқарор ривожланиш сари» давра суҳбати чоғида шундай баёнот берди, деб хабар қилмоқда Kun.uz мухбири.

«Биз ХМТ (Халқаро меҳнат ташкилоти)нинг Учинчи томон мониторинги чоралари аҳамиятини ҳамда фуқаролик жамияти ҳисобдорлиги ва уйғун назоратининг муҳим ўрнини англаймиз. Бутун дунёни ва ушбу мамлакатни қамраб олган пандемиянинг мураккаб шароитида мониторинг олиб борганларни қутлаймиз», - деди Bennett Freeman онлайн тартибда ўтказилган давра суҳбатида.

Унинг қайд этишича, илк маротаба Ўзбекистоннинг айрим туманларидаги пахта далаларида мажбурий меҳнат кузатилмаган. Бу эса, ҳақиқатда ижобий ҳодисадир.

«Бироқ, биз иқтисодиётни тикланганидан сўнг, мажбурий меҳнатни қисқартириш учун зарур бўлган ишга ёллашнинг мустақил тизимида катта олға силжишни кузатмадик. Шу боис, биз мазкур ҳолатга катта эътибор қаратишга чақирамиз.

Шунингдек, туманлар ўртасида фарқни кузатдик. Айримларида мажбурий меҳнатга йўл қўйилмади, чунки уларда кўнгилли теримчилар сони юқори эди, масъуллар масъулиятни ҳис қилишди. Шу билан бир вақтда, бошқа бир туманларда мажбурий меҳнат билан боғлиқ ҳолатлар кузатилди. Бу каби ҳолатлар жойлардаги мавжуд муаммоларни намоён қилиш орқали мажбурий меҳнатга батамом барҳам бериш мумкинлигига бўлган ишончни мустаҳкамлаши керак», - деди Фриман.

Cotton Campaign ҳаммуассисига кўра, фуқаролик жамияти имкониятларини кенгайтириш ҳам муҳим вазифалардан бири бўлиб қолмоқда, чунки фуқаролик жамияти имкониятлари чекланган ҳолда, ҳатто айрим ҳолларда қатъий назоратда. Ишчилар ва фермерлар кластерлар томонидан суиистеъмолликлар қаршисида жамоавий музокаралар ва аслида меҳнат ҳуқуқларини тузатишга имкон берувчи шикоятларга эътибор қаратиш механизмларидан тўла фойдалана олмасликлари боис ожиздек кўринади.

«Фикримизча, ислоҳотларни тезлаштириш ва буни меҳнат ҳамда инсон ҳуқуқларининг тўхтовсиз мониторингини амалга ошира оладиган ННТларни содда ва тезроқ рўйхатдан ўтказиш воситасида фуқаролик жамиятларининг кенгроқ иштироки орқали таъминлаш мумкин. Бундан ташқари, биз ишчиларнинг ҳуқуқлари, жумладан жамоавий музокаралар ўтказиш ҳуқуқи ва бирлашмаларга аъзо бўлиш, хусусан, мустақил касаба уюшмаларига аъзо бўлиш ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кучайганини олқишлаймиз», - деди Бэнет Фриман.