Олий Мажлис Сенатининг ўн иккинчи ялпи мажлисида «Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун муҳокама қилинди ва сенаторлар томонидан маъқулланди.
Маълум қилинишича, сайлов қонунчилигига бир қатор ўзгартиришлар киритиляпти:
- миллий экспертлар тавсиялари асосида ишлаб чиқилган таклифлари асосида халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари институти тугатилмоқда ва уларнинг ваколатлари туман (шаҳар) сайлов комиссиялари зиммасига юкланмоқда;
- хорижда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларини дипломатик ваколатхоналарнинг консуллик ҳисобида бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби, чет давлатларда сайловчилар яшаётган ёки ишлаётган жойида кўчма қутиларда овоз беришнинг ҳуқуқий асослари яратилмоқда;
- қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида, ҳарбий қисмларда ташкил этилган сайлов участкаларини кузатувчилар ўз ташрифи ҳақида камида 3 кун олдин хабардор қилиш тартиби белгиланмоқда.
Шунингдек, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг тавсиялари асосида ҳам бир қатор ўзгартишлар киритилмоқда:
- сайлов комиссияларининг номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга оид вазифаси чиқариб ташланмоқда;
- сайловолди ташвиқоти даврида давлат ресурсларидан фойдаланиш тақиқланмоқда;
- сайлов натижаларини эълон қилиш муддатларининг асоссиз чўзилишининг олдини олиш мақсадида сайлов комиссиялари қарорлари устидан шикоят муддати 10 кундан 5 кунга қадар қисқартирилмоқда;
- сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқоти учун ажратилган маблағлардан фойдаланишнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида улар томонидан сайловдан олдин оралиқ ва сайловдан сўнг якуний молиявий ҳисоботларни, шунингдек, Ҳисоб палатасининг партиялар фаолиятини текшириш натижаларини эълон қилиш тартиби жорий этилмоқда.
Шу билан бирга, президентлик сайлови, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ҳамда маҳаллий вакиллик органларига сайловларни уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – декабр ойида эмас октябр ойининг учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказиш таклиф қилинмоқда.
29 январ куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловлар санасини ўзгартириш ва бошқа қўшимчалар киритишни назарда тутувчи ушбу қонунни қабул қилган эди.















