Косметология олами шунчалик илгарилаб кетдики, кампирни қўғирчоқдай ҳурлиқога айлантириб қўйишга-да қодир. Бугунги кунда модага айланиб улгурган лаб ва юзни шишириб, ўзига хос шакл берувчи ботокс, филлер ҳақида эшитмаганлар кам бўлса керак. Юз қаришини сунъий тўхтатувчи витаминлар қабул қилганлар ҳам учраб туради. Хўш, бу воситалар нимаси билан аёлларни ўзига жалб этмоқда?
Ботокс, филлер ва бошқалар ҳақида қисқача
Ботокс – бу юздаги ажинларни йўқотиш ва лабни шишириш учун юз мушакларига юбориладиган нейротоксин. Ушбу препарат мушакларни бўшаштиради ва терини текислайди. Ботокс динамик ажинлар пайдо бўлишини камайтиради, терининг силлиқ ва ёш кўринишига ёрдам беради. Жараён жарроҳлик усулида эмас, амбулатор шароитда қисқа вақт ичида амалга оширилади.
Филлер ҳам юздаги ажинларни йўқотишга хизмат қиладиган инъекцион нейротоксиндир. Филлер инглизчадан “тўлдирувчи” деб таржима қилинади ва ўз номига кўра теридаги ажинлар ўрнини тўлдиради.
“3-4 ойлик косметология курсларини тамомлаганлар ботокс, филлер ва бошқа инъекцион муолажаларни бажара олмайди”
Косметолог Дилдора Нуриддинова:
“Лаб соҳасига филлер ишлатилса, юздаги ажинларни йўқотиш учун ботоксдан фойдаланилади. Филлер микроминерал, витаминлар, гиалурон кислотасидан иборат. Ботокс таркибида токсин моддаси бўлган, шўр сув (физраствор) билан қўшиб ишлатиладиган кукун ҳисобланади. Ботокс ажинларни “ёйиш”, мушакларни вақтинча қотириб қўйиш учун ишлатилади.
Косметолог томонидан нотўғри препарат танланса ёки мижоз томонидан амалиётдан кейин тақиқланган ҳаракатлар қилинса, бу ножўя таъсирларни келтириб чиқариши мумкин. Муолажадан кейин мижоз амал қилиши керак бўлган шартлар бор. Маълум муддат давомида мижоз косметолог маслаҳатига риоя қилиши керак бўлади.
Юзга витамин юбориш муолажаси ҳам мавжуд. Ушбу усул 30 ёшдан ошган аёлларга юздаги коллаген моддаси миқдори камайиши сабабли юборилади. Коллаген камайиши оқибатида юз териси қуриши, ҳуснбузар, ажинлар пайдо бўлиши кузатилади. Витаминлар тери намлигини таъминлаб беради. Қабулимга келган мижозга муолажани қўллашдан олдин аввал унинг ёши, юз кўриниши, умумий ҳолатини ўрганиб чиқаман. Агар ушбу муолажаларга эҳтиёж бўлмаса, муолажани маслаҳат бермайман.
Лаб, юзни шиширишда ёш тоифаси белгиланган. Ҳозирги кунда ёш қизлар орасида лабни шиширадиган филлерга қизиқиш кучаймоқда. Лекин 20-21 ёшдан кичик хотин-қизларимизга бу муолажа тавсия этилмайди. Ботокс эса 25-30 ёшдан бошлаб қилинади. Ушбу муолажаларни ҳар 3-6 ойда олиш тавсия қилинади. Ботокс, филлер, юзга витамин юбориш нархлари қандай сифатдаги, турдаги препаратлар қўлланилишига қараб ўзгаради. Мижозларим учун юзга игнали витамин олиш муолажаси 300 минг сўмдан бошланади.







