13 феврал, шанба куни Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Марказий универмаг ёнидаги хиёбонда жамоатчилик билан учрашди. Учрашувда ушбу боғ ҳудудида мустақилликнинг 30 йиллигига бағишлаб қуриладиган «Истиқлол» мажмуаси ҳақида сўз борди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Мажмуа қурилиши учун «Мовий гумбазлар» номи билан машҳур боғнинг танлангани жамоатчилик эътирозига сабаб бўлаётганди.

Учрашув аввалида ҳоким шаҳар депутатлари ва «Тошкентда узоқ йиллар ишлаган фидойи инсонлар» билан маслаҳатлашган ҳолда шу жой танланганини қайд этди.

«Бирорта дарахт кесилмайди. Бирорта дарахт кесилмайди», – таъкидлади Ортиқхўжаев.

Маълум бўлишича, «Истиқлол» мажмуаси қурилади деганда, мустақилликнинг 30 йиллик рамзини акс эттирувчи стела (ёдгорлик) ўрнатилиши ҳақида гап кетяпти. Ҳеч қандай иморат қурилмайди.

Стела Марказий универмаг ёнидаги, боғнинг очиқ майдон қисмига ўрнатилади. Ёдгорлик атрофи ободонлаштирилади; хиёбоннинг қолган ҳудудига тегинилмайди.

«Икки йил олдин бу ерга келгандим. Шу ерда яшайдиганлар билишади, боғ ташландиқ аҳволда эди. Таъмирладик, чиройли жойга айлантирдик. Бунга 6 миллиард пул кетди. Ҳамма сўраши мумкин, бюджет пулими, деб. Йўқ, мен ўзим шахсий маблағимдан қилганман.

Одамлар юз йиллаб парк шу ҳолида сақланиб қолишини хоҳлайди, тўғрими? Унда менинг гапимга киринглар. Олдин негалигини айтай. Сизларга ўхшаб, мен ҳам шу паркни сақлаб қолишни хоҳлайман. Мен ҳам Тошкентда 46 йилдан бери яшайман.

Агар шу ерга мустақиллик сиймосини ўрнатсак, юз йиллаб бу паркка ҳеч ким тегмайди! Мен бугун ҳокимман, ўз ёнимдан харажат қилиб бу ерни таъмирлатдим, кейинги ҳоким бу жойни меҳмонхона қуришга бериб юборади! «Дом» қуришга бериб юборади! Тушунмайсизларми шуни?

Мен ҳам сизларга ўхшаб шу боғни сақлаб қолишга ҳаракат қиляпман. 2 йил ҳоким бўламанми, 1 йилми, билмайман; кейин бошқа ҳокимлар келади, бу боғни расво қилади. Бу ерда ўз-ўзидан дўконлар пайдо бўлади, ҳеч ким ҳимояга олмайди.