«Тўғон ёрилиши натижасида сув омборидаги сувнинг тахминан 50 фоизга яқин қисми чиқиб кетган. Фожиа сабабларини тўғри баҳолаш учун Ўзбекистон президенти ва ҳукумат топшириқларига асосан хориждан умуман бу ишга дахлсиз бўлган одамлар – Москва давлат қурилиш университети мутахассислари жалб қилинган.

Улар ҳозир тўртта босқичдан иборат ишларни амалга оширди. Яқин кунларда бизга тўртинчи босқичда қилинган ишларнинг тақдимотини қилишади. Тахминан март ойи охирларида Сардоба фожиаси бўйича давлат комиссиясига тақдим этиладиган ҳужжатларни ошкор қилишимиз мумкин.

Бугунги кунда маълумотлар охиригача аниқ эмас. Масала шундаки, лойиҳа билан боғлиқ кўп саволлар бор. Уларнинг ҳаммасини кўриб чиқишяпти», дея Ботир Зокировнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

1 март куни Қурилиш вазирлигида ўтказилган матбуот анжуманида қурилиш вазири Ботир Зокиров мазкур жараёнга нима учун айнан россиялик экспертлар жалб қилинганига ҳам изоҳ берди.

«Москва давлат қурилиш университети бу ишга жалб қилингандан кейин бизда фожиага холисона баҳо бериш имкони пайдо бўлди. Уларни Вазирлар Маҳкамаси топшириғига асосан, шартнома асосида ёлладик. Улар барча ишларни шартнома асосида амалга оширишмоқда. Шу билан бирга, лойиҳа олди қидирув ишлари ҳам амалга оширилмоқда. Сув омбори жуда катта, бутун периметр бўйича жуда кам оралиқда кўплаб бурғилаш ишлари ўта сифатли амалга оширилди.

Уларни бу масалага жалб қилганимизнинг сабаби шуки, уларда катта тажриба бор. Ушбу олий ўқув юрти мутахассислари шунга ўхшаш ўнга яқин масалаларни ўрганиб, ўз хулосаларини беришган. Улар холис ташкилот, ҳеч кимга бўйсунмайди, ўрганиш жараёнида манфаатлар тўқнашуви бўлмайди.

Москва давлат қурилиш университети мутахассислари дастлаб фожианинг сабаб ва омиллари бўйича хулосаларини тақдим этишса, кейинчалик сув омборини тиклаш бўйича лойиҳавий ечим-таклифларини беришлари керак.

Москва давлат қурилиш университети мутахассислари ўрганиш ишларини якунлаганидан сўнг, уларнинг хулосалари ҳам бошқа консорциум асосида халқаро экспертлар томонидан текширилади. Бунинг учун Италия, Туркия, Корея сингари давлатлардан мутахассислар жалб қилинади. Биз улар билан музокаралар олиб борганмиз», дейди Ботир Зокиров.